Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўз илтимосномаларига кўра келиб чиқишидан, ирқи ва миллатидан, жинси, маълумоти, тилидан, динга муносабатидан, сиёсий ва бошқа эътиқодларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиниши мумкин, деб хабар бермоқда “Ҳуқуқий ахборот” Telegram-канали.
Сўнгги 5 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган хорижий фуқаро ёки фуқаролиги бўлмаган шахс доимий истиқомат жойидаги ички ишлар органлари орқали президент номига фуқароликка қабул қилиш тўғрисида ариза беради. Аризада Ўзбекистон Республикасининг Конституциясини тан олиши, унинг талабларини бажариши тўғрисидаги ва хорижий фуқароликдан воз кечганлиги тўғрисидаги мажбурият кўрсатилади.
Фуқароликни олиш учун қандай ҳужжатлар топширилади?
Аризага қуйидагилар илова қилинади:
икки нусхада ариза-сўровнома;
хорижий фуқароликдан чиққанлик тўғрисида гувоҳлик берувчи ҳужжат (фуқаролиги бўлмаган шахслардан ташқари);
2 нусхада таржимаи ҳол;
кун кечиришнинг қонуний манбалари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат (иш жойидан маълумотнома ёки иш ҳақи, пенсия, нафақа, дивидендлар ва кун кечиришнинг бошқа манбалари кўрсатилган бошқа ҳужжат);
тўртта фотосурат;
2 нусхада оиласининг таркиби тўғрисида иш жойидан маълумотнома;
давлат божи тўланганлиги ёки уни тўлашдан озод қилинганлиги ҳақидаги ҳужжат.
Илтимосномани кўриб чиқиш муддати
Аризачи юқорида кўрсатилган барча ҳужжатларни топширган пайтдан бошлаб тақдимнома ижро учун қабул қилинган деб ҳисобланади.
Истиқомат жойидаги ички ишлар органлари аризачининг расмийлаштирилган ҳужжатларини тегишли суратда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг ички ишлар бошқармаларига юборадилар.
Қорақалпоғистон Республикасининг Ички ишлар вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ички ишлар бошқармалари Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги ҳужжатлар расмийлаштирилиши тўғрилигини текширадилар, ушбу масалалар юзасидан 2 нусхада ҳужжатлар йиғма жилдини юритадилар ва давлат хавфсизлик тегишли органларининг фикрини сўрайдилар.















