Замон шиддат билан ўзгариб бораяпти. Бу шиддатни Ер юзининг ҳар қайси бурчагида яшаётган инсон ҳис қилаётганини Интернет тармоқлари исботлаб турибди. Мана шу шиддатга ҳамоҳанг бўлиб яшаш — алоҳида мавзу.

Бугунги замонамизнинг ўзгариш шиддати шу даражадаки, кўз очиб юмгунча оралиқдаги дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар инсониятни, ер юзини муаммолар-у имкониятларга тўлдириб ташлаяпти. Оламшумул ўзгаришлар инсоният ҳаётини, унинг қарашларини лаҳзалар сайин ўзгариб туришига сабаб бўлаяпти.

Диёримиз сизнинг ва менинг аждод-у авлодларимизга бешик бўлган ва бўладиган мўътабар заминдир. Бу азиз юрт дунё тамаддунининг барча босқичлари кесишган чорраҳа ҳисобланади. Шундай экан бу диёр ривожланишга, ундаги фуқаролар эса бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришга ҳақлидирлар.

Фото: Pixabay

Фаровонлик — осмондан тушадиган ёки туғилганимизда ҳар биримизнинг қўлимизга йўлланма сифатида бериладиган мукофот эмас. Яхши ҳаёт ва фаровон турмушни бизларни ўзимиз, жамият фуқаролари — жамиятимиздаги муаммо ва камчиликларни ҳал қилиб бориш давомида яратамиз. Шунинг учун ҳам ушбу мақолада ўзбекистонликлар учун долзарб булган муаммолар кўлами тилга олинди ва ечим ахтаришга ҳаракат қилинди.

Мақоламни шу кундаги муаммолар ечими йўлида ёзилаётган мақолалар денгизидан бир томчи ўлароқ қабул қилгайсиз.

Муаммолар эса қалашиб ётибди: таълим-тарбияда, маорифда, соғлиқни сақлашда, ҳуқуқ муассасаларида, меҳнат билан бандликда, мафкурада ва бошқа-бошқа — жамиятни ривожлантирадиган ёки ботқоққа ботирадиган ячейкаларда.

Аммо бу ҳақда фақат бир одам гапиради, у қайғуради, у куюнади! Қолганлар эса, айнан мана шу муаммолар устида ўтирганлар — қарсак чаладилар, блокнотига бир нималарни ёзадилар, маъқуллайдилар, аммо бир оғиз муаммоларни айтмайдилар («одоб сақлайдилар», лекин бу «одоб сақлаш» фақат уларнинг ўзларининг фойдасига ишлашини биринчи синф ўқувчисининг ҳам ақли етади), қайтага уни яширишга ҳаракат қиладилар. Фақат давлат раҳбари айтганидан сўнггина пластинка ўзгаради, ниқоб алмашади, бош эгилади, кечирим сўралади ва ҳ.к. ва ш.к...

Нима учун ва қачонгача шундай ҳолат давом этади?

Мана шундай кўплаб ачинарли ҳолатларда миямда туғиладиган саволлар устида бош қотириб, қуйидаги узил-кесил бир тўхтамга келдим ва бу фикр мулоҳазаларимни сиз азизларимга улашгим келди.