Ўтган ҳафтанинг дам олиш кунларида Англия премьер-лигасида 37-тур учрашувлари ўтказилди. «Трибуна» турнинг асосий воқеаларини эслаб ўтади.
Арсеннинг кетиши

«Арсенал» - «Бёрнли» - 5:0 (2:0).
Голлар: Обамеянг, 14 (1:0). Ляказетт, 45+3 (2:0). Колашинац, 54 (3:0). Ивоби, 64 (4:0). Обамеянг, 75 (5:0).
1996 йилнинг 19 октябрида «Арсенал» «Ҳайбери»да «Ковентри» билан дуранг ўйнаганди, бу Арсен Венгер учун Лондондаги биринчи уй учрашув бўлганди. У охирги уй учрашувида жамоаси билан «Эмирейтс»да «Бёрнли»ни йирик ҳисобда мағлуб этди (5:0).
Шу куни бу натижа эмас, Венгернинг хайрлашув нутқи барчани тўлқинлантирди. «Арсенал» барибир Чемпионлар лигаси йўлланмасидан қуруқ қолган, кейинги мавсумдан эса янги ҳаёт бошлаши керак бўлади. Якшанба куни «Арсенал» фанатлари кейинги ойлар давомида мураббийнинг истеъфосини талаб қилиб келишганини унутишди. Мухлисларнинг аксар қисми шу куни стадионга 22 йиллик мураббийга миннатдорчилик сўзлари битилган баннерлар ва плакатлар кўтариб келишди.
«Арсенал» футболчилари ҳам мураббийга дил сўзлари қолдиришганди. Клуб дўконида футболчиларнинг Венгерга қарата айтилган сўзлари ёзилган футболкалари сотувга қўйилди.
Франциялик мутахассисга фахрий йўлак ҳосил қилинди - у бу эътирофга лойиқ ҳам эди.
Ўйиндан кейин Венгер микрофонни қўлига олди ва мухлислар билан тўлган «Эмирейтс»да нутқ ирод қилди. У нутқини бошлашга қийналди - мухлислар узоқ вақт унинг номини қўшиқ қилиб айтиб туришганди. У биринчи навбатда шу кунларда шифохонага ётқизилган «МЮ»нинг собиқ устози сэр Алекс Фергюсонга соғлиқ тилади, шунингдек, ҳамиша «Арсенал» мухлиси бўлиб қолажагини билдирди ва деди: «Мен сизларни соғинаман». У ўзи билан хайрлашувга келган мухлис болакайга ўз галстугини ечиб берди.
Энди барчасига нуқта қўйилди. Раҳмат, Арсен!
«Челси» Чемпионлар лигасида ўйнамоқчи

«Челси» - «Ливерпуль» - 1:0 (1:0)
Гол: Жиру, 32 (1:0)
















