Ҳар бир миллатда маъноси мард, жасур деган исмлар бор. Бизнинг қаҳрамонимиз ҳам узоқ ўтмишига назар ташлар экан, босиб ўтган йўллари шу сўзга монанд кечганини кўради. Узоқ йиллик фаолиятини эслаб роҳатланади.

Аслида, ҳаммаси кичик қаҳвахонадан бошланди. Жасур болакай отасига ёрдам берарди. Стаканларни артар, келганларга тамадди олиб борарди. Туғилган маскани кичик шаҳар бўлгани учунми, деярли ҳамма мижоз унга таниш бўлиб қолганди. Деярли барчанинг оғзида бир масала — футбол. Таъсир ана шундан бошланди.

Фото: Life Bogger

Жасурлиги исмидан жисмига ўтаётган болакай футбол ҳақидаги тортишувлар билан яшади. Стаканни арта туриб, суҳбатдошларга маҳлиё бўлиб қоларди. Унга ана шу давр футбол тактикаларини таҳлил қилишни, футбол ўйинидаги чизмаларни мулоҳаза қилишни ўргатди. Ишдан чиқиб қатнайдигани — шахмат тўгараги ҳам унга бу масаладаги иштиёқини янада оширишга хизмат қилди.

Шаҳрининг марказида жойлашган Университетни тамомлади. Иқтисод бўйича магистрни ёқлади. Инглиз, француз, немис, итальян, испан ва япон тилларини яхши ўрганди. Бу унга кейинчалик наф берди. Соҳаси бўйича эмас.

Футболчилик фаолияти у қадар нурли эмас. «Мютциг» деган ўта заиф жамоа ё «Мюлуз» билан фахрлана олмайди-ку, тўғрими? Энг катта ўйнай олган жамоаси Франциянинг Страсбур клуби бўлган. Бўлди.

Уч мавсум давомида 12 бора рақиб дарвозасини ишғол этгани ҳам арзирли натижа эмас. 1979 йили Франция чемпиони бўлган, тўғри, аммо жамоа усиз ҳам шу натижани қайд эта оларди. Бир марта УЕФА кубоги ўйинида майдонга тушган. Энг йирик ўйини шу. У футболни майдоннинг четида яхшироқ таҳлил қиларди.

Олдиндан сезгани учун мураббийликни анча барвақт бошлади. Охирги марта «Страсбур» клубида тўп тепгани учун, мураббийлик соҳасини ҳам шу ердан бошлашга қарор қилди. Франция чемпионати унга анча маъқул тушиб қолганди. Даставвал «Страсбур»да мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаб юрган бўлса, «Канн»га ўтиб ҳам шу иш билан суяги қотди. 1984 йили унга «Нанси» жамоаси топширилди. Уч йил ўтиб «Монако». Бу жамоада у яхши мавсумлар ўтказган, албатта. Ҳозир ўз хотира дафтарини титкилаб кўрса, бемалол ўша даврларидан мамнун бўлади.

У Франциядан чарчади. Бу мамлакат футболида катта натижаларни қўлга киритиш имконсизлигини сезди ва кунчиқар ўлкага йўл олди. Япониянинг «Нагоя Грампус» жамоасида бир йил фаолият олиб бориб, Император кубоги ва J лига кубогини ютиб олди. Мавсум охирида энг яхши мураббий номини қўлга киритди.

Сарлавҳада айтилганидек, Япония сафари унинг ҳаётига энг муҳим воқеаларни тақдим этди. У шундай хотирлайди: