​Айни пайтда сурхондарёлик деҳқонларнинг боши қотган. Сабаби, эртаки пиёз нархи ички бозорда тушиб кетдики, бу фойда олиш тугул, экин парвариши учун сарфлаган маблағига куйиб қолиш эҳтимолини ҳам оширмоқда. Қозоғистон ҳамда Россияда мамлакатимизда етиштирилган сабзавотлар қаторида, пиёз ҳам анча харидоргир бўлиб турган бир пайтда Сурхондарёда нега вазият шу даражага етди? ​

— Не-не умидлар билан томорқамизга пиёз эккандик, — дейди Денов туманининг Жаматак маҳалласида яшовчи Ғафур Исоқулов. — Ҳосил йиғиштириб олинган ҳозирги пайтда улгуржи харидорлар пиёзнинг килосини 250-260 сўмдан сотиб олмоқда. Сотмайлик, десак, бу ҳам зиён. Ҳисоб-китоб қиладиган бўлсак, пиёз уруғининг килосини 400 минг сўмдан сотиб олгандик. Парвариши давомида 6 қоп минерал ўғит ишлатилган бўлса, унинг ҳар қопи 60 минг сўм харид қилинган. Шу харажатларнинг ўзи 720 минг сўмга боряпти. Бундан ташқари, унинг меҳнати-чи?! Суғориш майлику-я, аммо бегона ўтдан тозалаш азоб. Тўғриси, пиёз экишдан кўнглимиз совиб кетди. Биргина мен эмас, ён қўшниларимнинг ҳафсаласи пир бўлди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, олти тонна пиёз 1 миллион 560 минг сўмга баҳоланмоқда! Экиш олдидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қиладиган корхоналар сотиб олади, дейишганди. Билмадик, бу корхоналар пиёз нархи яна тушишини кутишяпти шекилли? ​

“Халқ сўзи” мухбири бу вазиятни ўнглаш учун мутасаддилар томонидан қандай тезкор чора-тадбирлар кўрилаётгани билан қизиқди.  

— Вилоятимизда 7815 гектар майдонга эртаки пиёз экилган, — дейди Сурхондарё вилояти ҳокимлиги тадбиркорлик, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш ва экспортни қўллаб-қувватлаш гуруҳи раҳбари Шуҳрат Дўсмуродов. — Апрель-июнь ойларида олинадиган ҳосил 140 минг тоннани ташкил этиши кутилмоқда. Эртаки пиёзни узоқ муддат сақлашнинг имкони йўқ. Шу боис маҳсулот нобудгарчилигининг олдини олиш учун ички истеъмолдан ортиқча қисмини экспортга жўнатиш, республикамизга валюта маблағлари жалб қилиш кўзда тутилган. Воҳамиз деҳқонлари томонидан етиштирилган эртаки пиёзнинг 35 минг тоннасини экспорт қилиш режалаштирилган. Бироқ Сурхон воҳасида об-ҳаво исиб кетганлиги боис экилган эртаки пиёз 10 — 15 апрелда пишиб етилди. ​

Суҳбатдошининг ушбу гапини қандай изоҳлашга ҳам ҳайронмиз? Ахир ҳосил қанча эрта етилса, шунча яхши эмасми? Ёки вилоят мутасаддилари қишнинг камёғин ва илиқ келганидан бехабарми? Президент томонидан томорқанинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш, маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни сақлаш, экспорт қилиш бўйича қулай тизим яратиш, деҳқонларга ҳар томонлама кўмак бериш бўйича мутасаддилар олдига қўйган талаб Сурхондарё вилоятидагиларга тааллуқли эмасми?
Хуллас, саволлар кўп. Унга жўяли жавоб олиш эса қийин.