"Росатом" Ўзбекистон билан ҳамкорликка катта оптимизм билан қарайди. Rusatom Overseas президенти Евгений Пакерманов Сочида бўлиб ўтаётган X "АТОМЭКСПО" халқаро форуми доирасида KUN.UZ мухбирининг саволига шу мазмунда жавоб берди.

"Ўзбекистонда атом энергетикаси нима эканини яхши билишади. Албатта, ҳар бир мамлакатда ўзига хослик бўлади. Умуман олганда, интеграциялашган таклифлар фақат соҳага янги кириб келган мамлакатлар учун дея олмайман, бу хизматлар менюсидан ҳар бир мамлакат ўзига кераклисини танлаб олади. Маҳаллий саноат, маҳаллий илм-фан, маҳаллий кадрлар - барчаси ядровий инфратузилманинг ривожланиш даражасига, яъни муайян мамлакатнинг лойиҳаларни амалга оширишга тайёргарлик даражасига боғлиқ.

Шундай мамлакатлар борки, у ерларга бориб, ядровий технологиялар ҳақида базавий маълумотлар берамиз. Бироқ Ўзбекистонда бунга ҳожат йўқ, худди шундай Қозоғистонда ҳам, чунки у ерда профессионаллар ишлайди. Шунинг учун мен бу икки мамлакат билан ҳамкорлик қилишга катта оптимизм билан қарайман, зеро биз бир мактаб кўрганмиз, бир илдизга эгамиз, одамларимиз бир тилда гаплашишади, бу эса лойиҳаларни амалга ошириш учун жуда яхши база бўла олади", - дейди Rusatom Overseas президенти.

Фото: Rusatom Overseas

Унинг сўзларига кўра, "Росатом" атом технологияларини таклиф қилувчи дунёдаги ягона вендер эмас, бошқа мамлакатларда ҳам атом технологияларига доир хизматлар тақдим этилади.

"Бироқ "Росатом" шуниси билан ўзига хоски, у дунёдаги ягона тўлиқ вертикал интеграциялашган компания ҳисобланади, унинг таркибида атом станцияси фаолияти учун зарур бўлган барча маҳсулотлар мавжуд. Атом станциясининг ҳаётий давомийлиги эса - юз йилдан ортиқ, яъни биз уран қазиб чиқарамиз, уни қайта ишлаймиз, ёнилғи ишлаб чиқарамиз, лойиҳалаштириш ишларини амалга оширамиз ва атом станциялар қурамиз; сервислар, эксплуатация, модернизация билан таъминлаймиз. Биз ҳамкорларимиз ва  мижозларимизга мажмуавий хизматлар спектрини таклиф қилишга тайёрмиз. Бу жуда муҳим, чунки лойиҳалар узоқ истиқболли бўлиб, катта сармоявий ресурсни талаб қилади. Эртанги кунга ишонч бўлиши учун бўлғуси моделни тўғри ҳисоб-китоб қилиш зарур. Шу боис мижозлар ва ҳамкорларимиз атом электр станцияси қурилишига доир қарор қабул қилаётганларида эксплуатация шароитлари шаффоф бўлиши, асосий харажатлар бўлиши, ёқилғи етказиб бериш кафолатланиши ва техник қарорлар тўғри, тушунарли ва хавфсиз бўлиши муҳим", - дейди Е.Пакерманов.