Қизил денгиз соҳилида барпо этилаётган миноранинг лойиҳавий баландлиги бир километрдан ошади. Тақдим этилган маълумотларга кўра, қурилиш 462 метр баландликка ва 115-қаватга етган. Бинони якунлаш учун уни яна ярим километрдан ортиқ баландлаштириш керак. Fischer компанияси ва лойиҳа иштирокчилари қурилишни 2028 йилда тугаллашни мўлжалламоқда.

Thornton Tomasetti компаниясининг бошқарувчи директори ва лойиҳа раҳбари Жон Перонтонинг тушунтиришича, одатий қурилиш меъёрлари бундай баланд бинонинг барча қисмларида шамол таъсирини етарлича ифодалай олмайди. Шу боис муҳандислар махсус иқлим моделларини ишлаб чиққан ва аэродинамик қувурда кенг кўламли синовлар ўтказган.

Перонтонинг қайд этишича, атмосферанинг чегара қатламидан юқорида кучли шамоллар кўпроқ учраши мумкин. Бироқ конструкцияга тушадиган ҳисобий энг катта юкламалар ер юзасига яқин, ҳаво оқими кўпроқ уюрмаланадиган ҳудуддагидан пастроқ бўлиши ҳам мумкин.

Миноранинг шакли шамол таъсирини камайтиришга мослаштирилган. Марказий ўзакдан учта қанот тарқалади, бинонинг кўндаланг кесими эса юқорига кўтарилган сари кичраяди. Бу шакл шамол уюрмаларининг минорага бутун баландлиги бўйлаб бир хил таъсир қилишини чеклайди.

Атмосферанинг чегара қатлами — ер юзасининг бевосита таъсири сезиладиган қуйи ҳаво қатлами. Унинг баландлиги доимий эмас: сутка вақти, об-ҳаво, ҳарорат, шамол ва ер юзасининг хусусиятларига қараб ўзгаради.

Шу сабабли миноранинг учдан бир қисми ушбу қатламдан юқорида бўлиши ҳақидаги баҳо муайян ҳисобий шароитларга тааллуқли. Бу бино атмосферадан ташқарига чиқишини англатмайди.

Қурилиш майдонида баландликдан ташқари бошқа мураккабликлар ҳам бор. Қизил денгизга яқинлик сабабли ускуналар ва бирикмалар юқори ҳарорат, намлик ҳамда шўр ҳаво таъсирига дуч келади.

Германиянинг Fischer компанияси лойиҳа учун кимёвий маҳкамлаш тизимлари ва юқори мустаҳкамликдаги пўлат анкерларни етказиб бермоқда. Улар маҳкамланган элементлардан тушадиган юкламани бетонга узатади. Компания бундай муҳитда бирикмаларнинг узоқ муддат ишончли хизмат қилиши муҳимлигини таъкидлаган.

Jeddah Towerнинг асосий конструкцияси темир-бетондан лойиҳаланган. Ўзаро боғланган деворлар вертикал ва ёнлама юкламаларни қабул қилади.

Минора пойдеворида қалинлиги беш метр бўлган темир-бетон плита жойлашган. У диаметри тахминан 1,8 метрли 270 та бурғилаб қуйилган қозиққа таянади. Энг чуқур қозиқлар 105 метргача туширилган.