Жаҳон | 14:17 / 14.05.2018
4233
3 дақиқада ўқилади

X "АТОМЭКСПО" халқаро форуми фаолиятига старт берилди

Бугун, 14 май куни Сочи шаҳрида X "АТОМЭКСПО" халқаро форуми ўз ишини бошлади. Тадбирда қатнашаётган KUN.UZ мухбирининг хабар беришича, форумнинг жорий йилдаги мавзуси - "Глобал ҳамкорлик - умумий муваффақият".

Фото: Мақсад Жангиров

"Юбилей форумимиз мавзуси - "Глобал ҳамкорлик - умумий муваффақият" ва бу жуда тўғри, чунки ҳамкорлик, кооперация, узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш барчамизга атом энергиясига бевосита боғлиқ бўлган яшил генерация позицияларини мустаҳкамлаб, бирга ривожланиш ва олға қадам ташлаш имконини беради

Қадрли дўстлар! Бу йил АТОМЭКСПО юбилей форуми Сочидаги ноёб майдон - Олимпия объектлари орасида бўлиб ўтмоқда. Ишончим комилки, бу жойга ўзгача руҳ бағишловчи рекорд ва ғалабалар бизнинг ҳамкорликдаги фаолиятимизга янгича нафас бағишлайди!", - деди "Росатом" бош директори Алексей Лихачёв юбилей форумнинг очилиш маросимида.

АТОМЭКСПО форуми дастурида 20 дан ортиқ ишчи доиралар муҳокамаси ва сессиялар ўтказилиши кутилмоқда, уларда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган 200 дан зиёд эксперт чиқиш қилади. Иштирокчилар ядровий технологиялар қўлланувчи барча соҳаларда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича долзарб масалаларни кўриб чиқишни бошлашди. Таъкидлаш жоизки, бунда АЭСларни қуришда халқаро ҳамкорлик, рақамли технологиялар, илмий тадқиқотлар, кадрларни тайёрлаш, инфратузилмаларни ривожлантириш ва хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек форум доирасида стратегик ҳамкорлик ва лойиҳаларни ривожлантиришга доир қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Фото: Мақсад Жангиров

"АТОМЭКСПО" майдонида биринчи марта "Росатом" давлат корпорацияси ва "МАГАТЭ"нинг атом энергиясидан фойдаланиш менежменти бўйича III ҳамкорлик мактаби ўз ишини бошлайди.

Форумнинг алоҳида эътиборга лойиқ тадбирларидан бири - атом соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган ва атом энергиясидан инсоният манфаати йўлида фойдаланувчи етакчи компанияларга ATOMEXPO AWARDS халқаро профессионал мукофотини топшириш маросими бўлади.

"АТОМЭКСПО-2018"да дунёнинг 60дан ортиқ мамлакатининг 600дан зиёд компаниясида фаолият юритувчи 3 000 киши иштирок этмоқда. Кўргазмада атом энергияси ва шунга яқин соҳаларда фаолият юритувчи кўплаб хорижий компанияларнинг энг янги технологиялари, маҳсулотлари ва қарорлари намойиш қилинган. 

Таъкидлаш жоизки, 2009 йилдан 2017 йилга қадар "АТОМЭКСПО" форумларида 83 мамлакатнинг 600 дан ортиқ компанияси қатнашган, 987 компания ўз кўргазма экспозицияларини намойиш қилган. 141 муҳокамалар доирасида 1116 эксперт иштирок этган. Тўққиз форум майдонида 300 дан зиёд битим ва халқаро ҳамкорлик шартномалари имзоланган.

Мавзуга оид