Жаҳон | 09:15
1807
3 дақиқада ўқилади

«Росатом» ЗАЭС бош муҳандисининг ҳалок бўлганини маълум қилди

Россия давлат корпорацияси «Росатом»нинг маълум қилишича, Запорижжя атом электр станцияси (ЗАЭС) бош муҳандиси Александр Яковлев хизмат автомобилига қилинган дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган. Ҳодисада унинг ҳайдовчиси Дмитрий Филиппов ҳам вафот этган.

Фото : Запорожская АЭС

«Росатом» раҳбари Алексей Лихачевнинг билдиришича, ҳодиса 15 июл куни Запорижжя АЭС саноат ҳудуди чегараси яқинида содир бўлган. Давлат корпорацияси даъвосига кўра, хизмат автомобилига Украина томонидан учирилган дрон зарба берган.

Компания маълумотига кўра, ҳужум натижасида бош муҳандис Александр Яковлев ва унинг ҳайдовчиси Дмитрий Филиппов воқеа жойида ҳалок бўлган.

Шундан сўнг Алексей Лихачев Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА)ни ҳодисага нисбатан «тезкор, аниқ ва қатъий муносабат» билдиришга чақирди.

Европадаги энг йирик АЭС

Запорижжя атом электр станцияси Европадаги энг йирик атом электр станцияси ҳисобланади. У Запорижжя вилоятининг Энергодар шаҳрида жойлашган бўлиб, Россия қўшинлари уни 2022 йил феврал ойида Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан кўп ўтмай назоратга олган.

2022 йил сентябридан буён станциянинг барча олти реактори тўхтатилган. Бироқ ядровий хавфсизликни таъминлаш учун реакторлар доимий равишда совитиб турилиши талаб этилади.

2024 йил март ойида АЭХА Россияни станция ҳудудидан рухсатсиз жойлаштирилган шахслар, жумладан ҳарбийларни олиб чиқишга, шунингдек, ЗАЭСни Украина назоратига қайтариш ёки халқаро бошқарувга топширишга чақирган эди. Москва эса бу чақириқларни рад этган.

Электр таъминотидаги узилишлар

АЭХА 2026 йил июн ойи бошида Запорижжя АЭС 2022 йилдан бери 17-марта ташқи электр таъминотисиз қолганини маълум қилган эди.

Агентлик маълумотига кўра, бу ҳолат Днипро дарёсининг қарши соҳилида жойлашган Никопил подстанциясига дрон зарбаси берилгани ортидан юз берган. Оқибатда станцияни электр билан таъминлаб турган ягона юқори кучланишли линия тахминан 20 дақиқага ишдан чиққан, кейинчалик электр таъминоти қайта тикланган.

Украина разведкасининг баёноти

Украина Мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси аввалроқ Россия қўшинлари Запорижжя АЭС ҳудудидан ҳарбий мақсадларда фойдаланаётганини билдирган.

Бошқарма маълумотига кўра, станция ҳудудида ҳужумкор дронларни бошқариш пунктлари ва қурол-аслаҳа омборлари жойлаштирилган. Шунингдек, тўртта энергоблокнинг машина залларига ҳарбий техника ўрнатилгани, реактор бинолари томларига эса пулемёт нуқталари ва ракета мажмуалари жойлаштирилгани даъво қилинган.

Украина расмийлари мазкур даъволарни бир неча бор илгари сурган бўлса, Россия томони бу каби айбловларни рад этиб келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид