Жамият | 11:45 / 15.05.2018
17233
6 дақиқада ўқилади

BIG Agro компанияси Миришкорда экспортбоп қалампир етиштираётгани ҳақида ҳикоя

Ўзбекистонда экспортбоп қишлоқ хўжалиги экинлари экиш, хусусан, сабзавот етиштириш, уларни яқин ва узоқ хорижий давлатларга экспорт қилиш — бугунги куннинг энг долзарб ва устувор вазифаларидан бўлиб турибди. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар асосида аграр секторни ислоҳ қилиш, экинларни кластер усулида экиш билан шуғулланаётган янги компаниялардан бири — «Brand Investment Group» компаниялар гуруҳидир.

«Brand Investment Group» компаниялар гуруҳининг ҳар бир вилоятда қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган шўъба корхоналари мавжуд.

Биз ана шундай шўъба деҳқон хўжаликларидан бири — Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманида фаолият кўрсатаётган «BIG Agro» МЧЖ томонидан етиштирилаётган сабзавотлар, уларнинг етиштирилиш жараёни билан яқиндан танишиш ва ишлар қай йўсинда ташкил этилганлигини кўриб қайтдик.

«Brand Investment Group» компаниялар гуруҳи шўъбаси — «BIG Agro» МЧЖ фаолиятининг асосий йўналиши — жаҳон андозаларига мос келувчи, сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб, қайта ишлаб, халқаро стандартларга мос қадоқлаб, экспортга чиқариш.

Шу пайтгача компания асосан турли хил салатлар — айбсерг, брокколи, пекинка, романо, рукколони етиштириб, уни асосан Россия Федерацияси бозорларида сотиб келган. Бундан ташқари, Фарғонанинг Қува шаҳридаги логистика марказида 28 хил параметрга кўра гилос сараланади ва чиройли ўрамларга солиниб, экспорт қилинади. Гилос асосан Хитой, Жанубий Корея ва Японияга етказилади.

Компаниянинг ёнғоқ мағзи, ерёнғоқ, дуккакли ўсимликлар мевасини ҳам саралаб, экспортга тайёрлайдиган корхоналари мавжуд. Туркиядан келтирилган ускуналар ёрдамида маҳсулотлар тозаланади, сараланади ва қуритилади. Маҳсулотлар асосан БАА, Кувайт, Баҳрайн каби араб давлатлари, дуккакли ўсимликлар меваси Шри Ланка, Ҳиндистон, БАА, Индонезия ва Малайзия каби давлатларга етказилмоқда. Компания коврак ўсимлигини қабул қилиб, қайта ишлашни ҳам йўлга қўйган.

Компаниянинг 2017 йилда тузилган бизнес режага асосан аччиқ қалампир етиштириш бўйича иш бошланди. Баҳорнинг март ойи бошларида плёнка остига Ҳиндистондан Каян гибридли навини олиб келиб қадаб, 78 га майдонда кўчат етиштирилмоқда. Ўзбекистонда илк бор етиштирилаётган ушбу гармдори шуниси билан фарқланадики, ўзимизнинг маҳаллий гармдориларга қараганда унинг аччиқлик даражаси 10-12 марта ортиқроқ.

«Май ойини бошларига кўчатларимиз униб чиқди, ҳозир уни узиб, бошқа экин майдонларига кўчириб, экиб чиқмоқдамиз. Миришкор туманида 2000 гектар майдонда аччиқ қалампирни ўзимиз етиштирамиз.

Бундан ташқари қалампир кўчатларини шу тумандаги ва қўшни туманлардаги бошқа фермерларга ҳам сотмоқдамиз. Улар экиб, ўсимликни ундириб ҳосилни йиғиб беришади, улар томонидан етиштирилган ҳосилни ҳам ўзимиз харид қиламиз.

Фермер хўжаликларига кўчат берилгач, уни экиш, парваришлаш бўйича мутахассисни ўзимиз жалб қиламиз. Керакли минерал ўғитлар ва бошқа дори воситалари билан таъминлаб борамиз. Бундан ташқари, Ҳиндистондан келган мутахассис икки ҳафта бир марта кўчатларнинг аҳволидан хабар олиб, ўзининг керакли маслаҳатларини бериб туради», — деди биз билан суҳбатда «BIG Agro» МЧЖ иш юритувчиси Бобур Абдумавлонов.

«Brand Investment Group» томонидан Қашқадарёда «BIG Agro Cluster» корхонасига асос солинган. Кластер усулида ўзимиз маҳсулот экиб, парваришлаб, етиштириб то уни хорижга экспорт қилишгача бўлган жараённи қамраб оламиз. Мана шу янги корхонанинг ишга тушиши натижасида биргина Миришкор туманида 4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, Қашқадарёнинг ҳар бир туманида ўзимизнинг фирмаларимизни очдик.

Энг ҳайратланарлиси, ишчилар бутун вегетация ва ҳосил йиғиштириш даврида меҳнат билан банд бўлишади ва совуқ фасллардагина меҳнат билан банд бўлишмайди.

«Далада ишлар март ойидан ноябрь ойига қадар давом этади. 3 мингдан зиёд маҳаллий аҳоли доимий иш билан банд. Уларга текин тушлик тарқатилади. Улардан ташқари Фарғона водийсидан мингдан зиёд миришкор деҳқонларни шу ишга жалб қилганмиз», — деди Бобур.

«Қашқадарё нисбатан иссиқ вилоят ҳисобланади. Кунлар ҳам борган сари исиб бормоқда, бу ерларга илк бора экилаётган кўчатлар амал олиб кетяптими?» — деб қизиқиб сўраймиз иш бошқарувчидан.

Б.Абдумавлоновнинг айтишича, қалампир кўчатларининг амал олиш кўрсаткичи 98 фоизга тенг.

Биз Миришкор туманининг 100 гектардан ортиқ майдонида айсберг карамлари етиштирилаётганини ҳам ўз кўзимиз билан бориб кўрдик.

«BIG Agro» томонидан Миришкор туманида етиштирилаётган салатларни асосан Россия Федерациясидаги McDonald’s ва KFC каби зудтар таом тайёрлаш тармоқлари харид қилади.

Карамлар узиб олингач, эҳтиёткорлик билан яшикларга жойланади ва Қарши шаҳридаги логистика марказига олиб борилади. У ерда улар яна сараланиб, тозаланиб экспортга жўнатилади.

Қуйида «BIG Agro» томонидан Қашқадарё вилояти далаларини қайта ишлаш жараёни акс эттирилган видеолавҳани томоша қилишингиз мумкин.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид