Фарғона вилоятининг Қўштепа туманидан бўлган қалампирчи ая бошидан ўтган мусибатлар ва уларни қандай енгани ҳақида сўзлаб берди:

Ҳикмат ая Рўзиматова
Ҳикмат ая Рўзиматова
“Тўнғич қизим ёшлигида касал бўлиб ўтиб кетган, ўғлим 2003 йилда электрикларнинг айби билан ток уришидан ҳалок бўлди. Бахтсиз ҳодиса юз берганида у 11 ёшда эди. Турмуш ўртоғимдан ташқари ҳаётда биргина қизим қолган. У тез-тез келиб ҳолимиздан хабар олиб туради.

Ўғлимни йўқотганимдан кейин тушкунликка тушиб қолдим. У ҳаёлимдан кетмай анча йиллар азобда юрдим. Ташвишга тушган турмуш ўртоғим Тошкентда яшайдиган опасининг ёнига бориб зора деҳқончилик билан шуғулланиб овунса дея қалампирнинг бир нечта навларидан олиб келиб берди. Уч-тўрт йил уруғлик қилиб кўчатларни кўпайтирдим. Қалампир экарканман ўзимда ҳам қандайдир бошқача ҳислар ўтди. Оз бўлса-да бошимдаги мусибатлар аригандек бўлди.

Ҳозирда 8 хил навдаги қалимпирлар ҳовлимни безаб туради, гул ўрнида гул. Қалампирларни териб бозорга олиб борсам “сёмка” қилсак майлими, рухсат берасизми дейишади. Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқа жойлардан келган меҳмонлар расмга олишади, уларнинг чиройини кўриб ҳайрон бўлишади. Хола, бу қалампирларни қаердан олгансиз, деб қизиқиб сўрашади.

Ёзда экилган қалампирлар қишгача мева тугаверади, гуллайди, ҳатто тувакларга олиб қўйсам ҳам гуллаб мева солаверади.

Йил 12 ой қалампир сотаман. Ёз фаслидан пишиб кўпайиб кетса елим идишларга солиб тузлаб қўйиб, қишда сотаман.

Қалампир ҳақида ҳар ким ҳар хил фикрлайди. Овқатингизга қўшиб ичсангиз маза беради, ҳам иштаҳангиз очади, ҳам қонингиз суюлади.

Ягона орзум бор: у ҳам бўлса қалампир навларини янаям кўпайтириб, даромадни ошириб турмуш ўртоғимни Ҳажга жўнатиш. Насиб қилса шунинг ҳаракатида юрибман,” – дейди деҳқон ая.