KUN.UZ’нинг навбатдаги меҳмони ўзбекистонлик боксчи, Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов бўлди. Спортчи билан бўлиб ўтган самимий суҳбатда унинг шахсиятида очилмаган қирралар кўзга ташланди.
Youtube'да кўриш
Mover.uz'да кўриш
Профессионал боксга илк қадам
– Тўғрисини айтсам, профессионал боксга кириб келишимдан асосий мақсад – Ўзбекистонда ўз вазним бўйича менга рақобатчининг йўқлигидир. Шунинг учун профессионал боксга ўтишга мажбур бўлдим. Бундан ташқари, Олимпиада ўйинларида ҳали олтин медални қўлга киритганим йўқ. Шунинг учун, ҳар томонлама режа қилиб, профессионал боксга ўтишга қарор қилганман. Шартномамда ҳам Олимпиада ўйинларига, Осиё ва Жаҳон чемпионатларида иштирок этиш банди ҳам киритилган.

Яна бир жиҳати бор-ки, юқорида айтганимдек, Ўзбекистонда вазним бўйича рақибим топилмагани учун ўсишдан қолдим. Ўз устимда ишлаш мақсадида АҚШга бориб, муносиб жангчилар билан бирга рингга кўтарилдим. Ҳозир Майамида машғулотлар ўтказяпман. Вазни оғир бўлган кўп машҳур боксчилар ўша ерда машғулот ўтказишган. У ерда ҳозир ҳам шундай қилишади. Шунинг учун улар билан спаррингларга тушиб, машғулот олиб боряпман.
Промоутерлар масаласи
- Алҳамдулиллаҳ, бизга ҳам кўп жойлардан таклифлар бўлди. Мана шу таклифларни ўрганиб чиқиб, Дионте Уайлдер деган машҳур боксчининг промоутери бўлган Дибала деган машҳур шахс ва “Файт” промоутерлик компанияси билан шартнома туздим. Ҳозир иккаласида ҳам ишлаяпман. Ҳаммаси яхши, жангларни ўз вақтида ўтказиб беришимга ёрдам қилишади, шароитлар қилиб беришган. Ҳозирги мақсадим кўпроқ жанг ўтказиб, боксчи сифатида рейтингимни ошириш. Мени ҳозир пул қизиқтирмайди.

Ўзбекистонда шу пайтгача Олимпиадада оғир вазнли боксчи чиқмаган. Мен келажакда ўз вазним тоифасида Олимпиадада юртим байроғи остида рингга кўтарилишдир. Жумладан, Жаҳон чемпионатларида ҳам.






