18:30 / 19.05.2018
12465

«Ҳабиб 4 йил аввал фаолиятини якунлаши мумкин эди» - Абдуманноп Нурмагомедов

Фото: Global Look Press / Jason Silva

Мутлақ жангчилар чемпионатининг (UFC) енгил вазндаги амалдаги чемпиони Ҳабиб Нурмагомедов тўрт йил муқаддам фаолиятини якунлашга жуда яқин бўлган. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

«Ҳабиб жароҳатлар туфайли камарсиз қолиши мумкин эди, у фаолиятини якунлашга қарор қилган пайт ҳам бўлди. Ўшанда унга шундай дедим: «Биз бунгача шунча узоқ масофани босиб ўтдик, энди бундай тезлик билан мағлуб бўлиш ярамайди». У гиламга қайтди ва ишлай бошлади. Шундан кейин умуман тўхтамади. Бу тўрт йил аввал юз берганди», - дея айтиб ўтди спортчининг отаси Абдуманноп Нурмагомедов.

Шунингдек, россиялик жангчи отаси ўғлининг фаолияти қандай кечишини тахмин қилиб кўрди.

«Менинг ўйлашимча, у 32 ёшгача юқори даражада жанг қилади. Кейин пастга шўнғий бошлайди, худди барча каби – табиат қонунларига бас келиб бўлмайди. Фикримча, Ҳабиб билан ишловчи жамоа, мураббийлар таркиби, у билан мунтазам равишда ишлайдиган олти-саккиз киши - «Ҳабиб, етади, вақти келди», дейишса, биз якунлаймиз», - дея қўшимча қилиб ўтган Нурмагомедов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ машғулотларида мушукдан фойдаланган чеченистонлик MMA жангчисини жазолаш талаб қилинганди.

Top