Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ, ички туризмни ривожлантириш мақсадида бир қатор имтиёзлар назарда тутилган. Ходимларнинг саёҳати билан боғлиқ даромадларга солинадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қандай қўллаш мумкин?

Масалан, ходим дам олиш кунида Самарқанд шаҳрига бормоқчи бўлса, бухгалтер чипта билан боғлиқ харажатларга устама харажатларни қўшиши, ходим эса саёҳатдан қайтганидан сўнг чеклар ва ваучерлар орқали ҳисобот бериши керакми? Ёки ходим Самарқандга ўз ҳисобидан бориб келиб, ушбу ҳолат юзасидан тегишли тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этса, жорий ёки кейинги ойда унинг саёҳат учун сарфлаган маблағидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ушлаб қолинмайдими?

Ушбу ҳолат бухгалтерия ёзувларида қандай тартибда акс эттирилади?

Ушбу саволга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси қуйидагича жавоб беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 февралдаги «​Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»​ги ПҚ-3514-сонли қарори 8-бандига мувофиқ, 2018 йилнинг 10 февралидан бошлаб 3 йил муддатга қуйидаги тартиб жорий этилди, унга кўра:

• иш берувчининг туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан ходимлар ва уларнинг оила аъзолари учун республика бўйлаб туристик йўлланмаларни сотиб олиш харажатлари ходимнинг даромади сифатида кўриб чиқилмайди ҳамда юридик шахсдан олинадиган фойда солиғини ҳисоблаб чиқишда чегириб қолиниши лозим;

• жисмоний шахсларнинг солиққа тортиладиган даромадлари Ўзбекистон Республикаси бўйлаб туристик йўлланмаларни туризм соҳасида фаолият кўрсатиш бўйича лицензияга эга бўлган субъектлардан сотиб олишга йўналтирилган харажатлар суммасига камайтирилади.

Бунда туристик йўлланма (айирбошланадиган ваучер), авиа ва темир йўл чипталари, автотранспорт ташкилотларининг ҳисоб-фактуралари (чипталари) ва жойлаштириш воситалари чеклари тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, республика ҳудудида туристик саёҳатни амалга оширишнинг иккита варианти мавжуд.

Биринчи ҳолатда корхона томонидан ходим ва унинг оила аъзоларининг туристик саёҳати билан боғлиқ харажатлар тўлаб берилади. Бунда ушбу харажатлар иш берувчининг харажатлари бўлиб, фойда солиғи тўловчилари учун чегириладиган харажатлар ҳисобланади.