KUN.UZ таҳририятига навбатдаги мурожаат келиб тушди. У Тошкент шаҳрида қатновчи йўналишли автобуслар ҳақида бўлиб, батафсил ёзилган. Мурожаат эгаси муаммони ўртага ташлаш билан бирга, унга ечим излашга ҳам ҳаракат қилган, ўз таклифларини ўртага ташлаган.

Ассалому алайкум ҳурматли Kun.uz жамоаси!

Муаммони ҳал қилиши керак бўлган бевосита мутасаддилар пинагини бузмаганидан кейин, кўплаб муаммоларни ҳал қилишда етакчи бўлаётганингизни кўриб-билиб туриб, Сизларга мурожаат қилишга қарор қилдим (йўловчилар номидан).

Сўнгги йилларда Республикамизда барча соҳаларда жуда катта ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Буни транспорт хизмати соҳасида ҳам амалга оширилаётганлигини кўриб турибмиз. Пойтахтимиз йўлларида замонавий ва қулай транспорт воситалари ҳаракатланмоқда, йўловчилар учун шинам бекатлар қурилди, фойдаланувчиларнинг ўзларига керакли автобус йўналишлари ҳаракатини онлайн кузатиб бориш тизими йўлга қўйилди.

Шу билан бирга ечимини кутаётган муаммолар ҳам талайгина. Улар ҳам аста-секин бартараф этилишига ишонамиз. Аммо "аста-секин" бартараф этмасдан баъзи муаммоларни ҳозирги вақтнинг ўзида ҳал этиш мумкин. Ушбу муаммо ҳар куни эрталаб кўпчилик йўловчилар билан юз беради.

Масалан, ўзим билан боғлиқ муаммо:

Эрталаб соат саккизларда ишга бориш учун Қўйлиқ-Чорсу йўналишидаги 68-автобусга чиқиш мақсадида “Рисовий” бозор бекатида бўламан. Аммо олдинига автобусга 1 кун чиқсам 1 кун чиқолмасдим, ҳозирда эса 1 кун чиқсам, 3 кун чиқолмайман (биргина мен эмас). Сабаби оёқ қўйишга жой йўқ (оёқ қўйсангиз бас, эшикнинг ўзи танангизни ичкарига киритиб қўяди). Кейин таксида кетишга мажбур бўламан, чунки бошқа автобуслар ҳам деярли шундай, 190-йўналишли маршруткага чиқиб олишнинг мутлақо иложи йўқ, доим тўлиб келади.

1-савол (хаёлан): Нима учун бунчалик тиқилинч?

Жавоб: Саволингизга жавобни ўзингиз бериб турибсиз, эрталаб соат саккизларда чиқаман деб, биласиз эрталаб ҳамма ишга, ўқишга боради.

2-савол: Унда нима учун тезроқ юрмайсизлар, ҳар ўн–ўн беш дақиқада (ҳозирда эрталаб 20-30 дақиқа)?

Жавоб: Бизларда белгиланган график бор!

Шу билан шофёр билан савол-жавоб тугади (Ичингизда савол-жавоб давом этади, агар график бўлса, 57 дақиқа деб белгиланган масофани нега 97 дақиқада босиб ўтасизлар? Айтяпман-ку, одам тиқилинч, бекатларда кўпроқ тўхташга мажбур бўляпмиз, светофорлар бор, машина кўп – йўллар тирбанд).