16 май куни Аргентина ва дунё футболи афсонаси Диего Марадона Беларуснинг Брест шаҳри вакили «Динамо» клуби билан шартнома имзолади.

Тантанали маросим Дубай шаҳрида ўтказилди. «Динамо» клуби матбуот котиби Ольга Хижинкова гапларига кўра, Диего катта иштиёқ билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирган.
«Диего билан шартнома имзолаш қийин бўлмади. Унинг ўзи клубимизда ишлаш, болалар академияси билан шуғулланиш, болалар футболини ривожлантиришга тайёрлигини ва бу борада иштиёқи жуда кучли эканини билдирди» - деди Хижинкова.
Клуб матбуот хизмати вакили сўзларига кўра, Марадонанинг Беларусга келиши - бу нафақат «Динамо» учун, балки бутун миллий футбол учун муҳим воқеадир.
Бу янгиликда қанақадир бир-бирига зид нарсалар бордек туюлади: тарихдаги энг яхши футболчиларидан бири қаердаю, МДҲ ҳудудидан ташқарида умуман номи чиқмаган Беларус футболининг ўртамиёна клуби қаерда?

Аммо, Диегонинг футболчиликдан кейинги ҳаётига назар солиб, бунинг сабабларини тушунгандек бўламиз.
Марадонанинг ғалати ва ноодатий қилиқлари борлиги ҳеч кимга сир эмас. У ўз обрўси ҳақида унчалик қайғуриб ўтирмайди. Футболчилик пайтидаги ишқий можаролар, допинг ва гиёҳвандлик билан боғлиқ муаммоларни эслаш кифоя. Афсуски, Марадона футболчилик иқтидорини капитализация қилолмади, ўтмишдаги ютуқларини аллақачон йўқотиб бўлди ва ҳаётда ўзини гоҳ ўтга, гоҳ чўғга уриб яшамоқда.
Футболчилик фаолиятини якунлагач, Марадона ўзини мураббийликка урди. Дастлабки ва ҳозирча ягона жиддий иши Аргентина терма жамоаси бўлди. У билан ЖЧ-2010 мусобақаси чоракфиналигача етиб бориб, Германияга ютқазди.

Шундан сўнг, араб футболига шўнғиб, «Ал-Васл» ва «Ал-Фужайра» клубларида самарасиз ишлади. Энди эса навбат Беларус клубига келди.
Марадона «Динамо» билан уч йиллик шартнома имзолаган, унинг шартлари сир тутилмоқда. Клуб расмий сайти хабарига кўра, Диего «клубнинг стратегик ривожланиши билан шуғулланади, шунингдек, барча бўлимлари, хусусан болалар академияси ишини бошқаради». Диего Армандонинг ўзи эса бош мураббий бўлиб ишлашини ҳам айтмоқда, аммо фақат жаҳон чемпионатидан сўнг. У мураббийлар штабига собиқ жамоадошлари Луис Ислас, Эктор Энрике ва Хорхе Бурручагани таклиф қилмоқчи.

















