11:09 / 23.05.2018
12267

Туризмни ривожлантириш қўмитаси раисига икки нафар ўринбосар тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбариятида янги лавозим тайинловлари рўй берди. Бу ҳақда Kun.uz’нинг ҳукуматдаги манбаси хабар қилди.

Қайд этилишича, Фахриддин Умарович Давруков Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимини эгаллади.

Фахриддин Давруков 2008 йилдан Вазирлар Маҳкамасида макроиқтисодий ва тузилмавий ислоҳотлар, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, маълумот тўплаш ва минтақлар ривожига доир масалаларни таҳлил қилиш йўналишларида ишлаган. 

2015 йилдан у "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компаниясида соҳа ривожи стратегик прогнозлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган. 

Шунингдек, Абдулазиз Ўролбоевич Аққулов ҳам Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Аққулов 2017 йилнинг январидан қўмитанинг Туризм саноатини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бу ҳақдаги тегишли қарорларни 2018 йил 22 май куни имзолаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ТИВда янги лавозим тайинлови рўй берганди.

Top