Explorations by Norwegian компанияси дунё бўйлаб 371 кунлик круизни йўлга қўйди. Daily Mail нашрининг ёзишича, бу дунёдаги энг узун ва узлуксиз режалаштирилган круиз саёҳати ҳисобланади.

Таъкидланишича, бу йилги биринчи рейс учун барча жойлар банд қилинган, бироқ келгуси йилда саёҳат қилишни истаганлар саккиз кундан 371 кунгача бўлган сафарни танлаши мумкин бўлади. Сафар Австралиядан бошланиши режалаштирилган.

Дунё бўйлаб саёҳат давомида йўловчилар 220 та портга киради. Шу билан бирга, ташкилотчилар такрорий тўхташлар минимал даражада бўлишини ва «ҳамма нарса ичида» форматидаги хизмат кўрсатилишини ваъда қилмоқда.

«Сиз янгилик ва ғайриоддийлик излаётган тажрибали саёҳатчимисиз ёки илк катта сафарингизга отланишга тайёр инсонмисиз, бундан қатъи назар, Explorations by Norwegian сизни дунёни айнан ўзингизга хос услубда кашф этишга таклиф қилади», — дейилади круиз компанияси сайтида.

2026 йилги жаҳон саёҳати жами 371 кун давом этади ва у аллақачон Римдан бошланган. Келаси йилги круиз бироз қисқароқ – 367 кун бўлади ва унга феврал ойида жўнаб кетиш мумкин. Маршрут ўнлаб мамлакатлар ва машҳур сайёҳлик йўналишларини қамраб олади.

Европада йўловчилар, хусусан, Неапол, Копенҳаген ва Ҳелсинкига бориши мумкин. Маршрутнинг Африка қисми эса Кабо-Верде, Кейптаун ва Занзибар каби машҳур йўналишлар ҳақидаги орзуларни рўёбга чиқариш имконини беради. Тўхташ манзиллари рўйхатига Аляска, Япония ва Греция ҳам киритилган.

Дунё бўйлаб саёҳат 348 та каютали Regatta лайнерида бўлиб ўтади. Кема бортида йўловчиларни сара таомлар ресторани, SPA маркази ва бассейн кутмоқда. Бундан ташқари, меҳмонлар замонавий фитнес маркази, кутубхона ва замонавий бардан фойдаланиши мумкин.

Денгизда бир йилдан кўпроқ вақт ўтказишни истамаганлар учун компания қисқароқ маршрутларни таклиф қилади. Тўлиқ жаҳон саёҳатининг нархи эса 75 минг доллардан бошланади.