Жаҳон | 08:43 / 25.05.2018
21938
1 дақиқада ўқилади

АҚШ Туркманистондан пахта ва пахта маҳсулотлари олиб киришни тақиқлади  

Фото: Turkmen Habar Gullugy

АҚШда Туркманистондан пахта ва пахта маҳсулотлари олиб кириш тақиқланди. Бу ҳақда АҚШнинг чегара ва божхона қўриқлаш бошқармаси сайтида маълум қилинган.  

Ушбу қарор 18 май куни қабул қилинган. Бунинг сабаби келтирилмаган. Бироқ аввалроқ бундай қарорни фаоллар қўллаб-қувватлашаётгани маълум қилинган. Фаолларнинг маълумотларига кўра, Марказий Осиёдаги қандайдир маҳсулотни ишлаб чиқаришда мажбурий меҳнат қўлланади.

Ушбу қарорни пахтачилик тармоғида болалар ва катталарнинг мажбурий меҳнатини йўқ қилишга курашувчи Cotton Campaign коалицияси қўллаб-қувватлаган. Аввалроқ ушбу гуруҳ Inditex, IKEA ва H&M каби йирик савдо тармоқлари туркман пахтасини сотиб олишдан воз кечишларига эришган.

АҚШнинг ўзи дунёдаги энг йирик пахта экспортчиси ҳисобланиб, унинг ҳисобига жаҳон экспортининг учдан бир қисми тўғри келади. Туркманистоннинг улуши эса 2 фоизни ташкил қилади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид