Жанубий Осетия президенти Анатолий Бибиловнинг маълум қилишича, Россия қўшинлари минтақада хавфсизлик кафолатчиси саналади. Бу ҳақда РИА «Новости» сиёсатчининг Петербург иқтисодий форумидаги сўзларига асосан хабар бермоқда.

«Бугунги кунда Россия Жанубий Осетия республикасининг хавфсизлиги кафолатчиси саналади. Қўшинларни Америка ёки Грузиянинг тушунарсиз хоҳиш-истакларига қараб олиб чиқиб кетиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас», - деган Бибилов.

Унинг қўшимча қилишича, Россия билан амалдаги шартномаларга кўра, ушбу давлат минтақада хавфсизликни таъминлайди. Унинг фикрича, минтақада барқарорликни қўллаб-қувватлашнинг бошқа усули йўқ.

«Бизнинг куч маҳкамаларимиз ўртасидаги иш ва президентлар ҳамда мудофаа вазирлари даражасида бор бўлган келишувлар шундан дарак берадики, биз хавфсизликнинг ягона контурини ишлаб чиқмоқдамиз», - деди Бибилов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин Ғарб давлатларини «қизил чизиқдан» ўтмасликка чақирганди.