Инсон билиб-билмай гуноҳга қўл уради. Агар ақли етса, иймони бўлса, Аллоҳдан қўрқса гуноҳи учун тавба қилади ва қайтиб бу гуноҳга қўл урмайди. Аммо тескариси бўлса Аллоҳнинг ғазабига учрайди, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам. Аммо шундай гуноҳи кабиралар бор-ки, у ширкка олиб бориши ва кишининг икки дунёсини куйдириб юбориши мумкин. Ана шундай гуноҳлардан фолбинлик, фолга ишониш, сеҳр-жоду ва мунажжимлик гапимизга мисол бўла олади. Бу мавзу ҳақдаги муборак ҳадиси шарифларда шундай дейилади.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: «Фаришталар ер юзида содир бўладиган нарсалар ҳақида булутлар орасида гаплашганларида, жинлар уларнинг битта сўзларини эшитадилар ва уни фолбинларнинг қулоқларига келиб (идишга сув қуйгандек) қуйиб кетадилар ва у сўзга жинлар юзта ёлғонни қўшадилар».
Шарҳ: Бундан кўриниб турибдики, фолбинлар жин ва шайтонлар билан алоқа қилишади. Уларнинг ёлғон-яшиқ гапларини кўпиртириб, устига минг ёлғонни қўшиб одамларга етказишади. Бу ишларнинг турган-битгани гуноҳи азимдир.
Абу Масъуд ал Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбаримиз (с.а.в) (баъзи) ман қилган нарсалари орасида, фоҳишаликдан топилган пул ва фолбинга бериладиган пул бор эди», дедилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Етти хил ҳалокатли нарсадан сақланинглар», дедилар. Тингловчилар: «Улар нима, эй Аллоҳнинг расули?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш, сеҳр-жоду қилиш (яъни, иссиқ-совуқ билан шуғулланиш), ноҳақ бирор бир одамни ўлдириш, етимнинг ҳақини ейиш, судхўрлик қилиш, душманга орқасини ўгириш, бегуноҳ муслима аёлларни (зинода) айблаш (гарчи улар бу нарсадан узоқ бўлсаларда).
Шарҳ: Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг огоҳлантиришларига диққат билан эътибор қаратадиган бўлсак, инсонни ҳалокатга учратадиган амаллар ичида сеҳр-жоду, яъни бировни иссиқ-совуқ қилиш амали ҳам бор. Бугунги замонавий дунёимизда бировнинг эрини, акасини, укасини ва бошқа яқинларини сеҳр йўли билан иссиқ-совуқ қилиш жуда кўп учрайди. Бу ишни қилган ҳам, ишонган ҳам, қилдирган ҳам Аллоҳ наздида гуноҳкор кишилардир ва тавба қилмасалар Яратган томонидан уларга жазо муқаррар бўлади.















