Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) 1988 йилда 31 майни Жаҳон чекишга қарши курашиш куни дея эълон қилган, ҳозирда бу сана БМТнинг жаҳон ва халқаро кунлари тизимига киради. ЖССТ ва ҳамкор мамлакатлар ҳар йили жамоатчилик эътиборини чекиш билан боғлиқ хавфга қаратиб, бу кунни нишонлашади ва давлатларни тамаки истеъмоли кўламини камайтиришга доир самарали сиёсат олиб боришга чақиради.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида чекиш ўз машҳурлигини йўқотаётган бўлишига қарамай, тадқиқотлар чекувчиларнинг умумий сони ўсишда давом этаётганини кўрсатмоқда. Тадқиқотчиларнинг 187 мамлакат бўйича олган маълумотларига кўра, 1980 йилда ҳар куни дунёда 721 миллион киши сигарет чеккан бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 967 миллионни ташкил қилган. Таъкидлаш жоизки, сўнгги 50 йилда дунё аҳолиси сони деярли икки бараварга - 7 миллиард кишига ўсган ва табиийки, бу зарарли одатга эга кишилар сони ҳам ортиб бормоқда.

Фото: Getty Images

МДҲ ҳудудида чекувчилар сони доимий равишда ошиб бормоқда. Бугунги кунда дунёда ҳар учинчи эркак (31 фоиз) ва йигирманчи аёл (6 фоиз) чекиши қайд этилган. Бу зарарли одатга қарши энг муваффақиятли кураш олиб борувчи мамлакатлар Исландия, Норвегия, Канада ва Мексика ҳисобланади. Ушбу мамлакатларда ҳукумат аҳолини чекишни бошламасликка ёки шунчаки бундай балодан қутулишга кўндиришган. Чекувчилар сони бўйича дунё етакчиси шубҳасиз Россиядир. Расмий маълумотларга кўра, бу мамлакатда 65 фоиздан ортиқ эркак ва тахминан 30 фоиз аёл сигарета чекади.

ЖССТ ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда чекувчи аёллар сони умумий чекувчилар сонининг 1,4 фоизини ташкил қилган. Шу билан бирга, республикада 25,2 фоиз эркак тамаки маҳсулотларини истеъмол қилади. Умуман олганда, мамлакатдаги чекувчилар сони 13,1 фоизни ташкил қилади.

ЖССТ баҳоларига кўра, Европада умумий ҳисобда аҳолининг 30 фоизи чекади. Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, бу Европа қитъасида тамаки истеъмоли камаяётганидан далолат беради ва буни қисман чекишга нисбатан тақиқлов, тамаки маҳсулотлари нархининг ошиши ва бундай маҳсулотларнинг чекишнинг салбий оқибатлари акс этган суратлар акс этган қадоқларда сотилиши билан боғлашмоқда.

Ўзбекистонда бу йўналишда ижобий қадамлар қўйилди.

Биринчидан, тамаки маҳсулотлари рекламаси тақиқланди. "Реклама тўғрисида"ги қонунга киритилган тузатишларга мувофиқ, мамлакатда тамаки ва алкоголь маҳсулотлар рекламаси тўлиқ тақиқланган. Шунингдек тамаки маҳсулотлари ёки спиртли ичимликлар номи, тасвири ҳамда товар белгисидан фойдаланилган тадбирларга ҳомийлик қилиш ҳам тақиқланди.