Ўзбекистон | 18:31 / 01.06.2018
25018
2 дақиқада ўқилади

Tashkent City 4 йил ичида қурилади

Фото: TashkentCityIBC

Tashkent City Халқаро бизнес марказида (ХБМ) лойиҳалаштиришдан тортиб, объектларни тўлиқ ишга тушириш жараёнини 4 йил ичида якунлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Tashkent city дирекцияси матбуот хизмати хабар қилди.

Лойиҳа икки босқичга бўлинади: конгресс холлга эга меҳмонхона, турар-жой бинолари ва парк ҳудудини биринчи навбатда (2,5 йил) фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда, дея таъкидлайди дирекция.

Конгресс холл қурилиши устувор вазифага айланган, бу ерда пойдевор барпо этиш ишлари олиб борилмоқда. Бошқа участкаларда мавжуд биноларни бузиш жараёни тугалланмоқда.

Шайхонтоҳур тумани ҳокимлиги кўчириладиган оилаларни уй-жой билан таъминлаш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Инвесторлар танланган участкаларда бинолар ва инфратузилмаларнинг батафсил лойиҳаларини ишлаб чиқишмоқда.

Тошкент шаҳрининг Алишер Навоий, Олмазор, Ислом Каримов ва Фурқат кўчалари оралиғида Tashkent City халқаро бизнес маркази бунёд этилмоқда. 

Бугунги кунда мазкур замонавий марказ қурилиши еттита лотда жадал олиб борилмоқда. Ҳозиргача 42 минг куб метр тупроқ ишлари бажарилган, ер ости монолит қопламаларини мустаҳкамлаш якунланган. 

Лойиҳани амалга оширишга ARUP (Буюк Британия, архитектура концепциясини ишлаб чиқувчи), Cushman and Wakefield (АҚШ, тижорат концепциясини ишлаб чиқувчи), SF Landscape Architecture (Италия, ландшафт концепциясини ишлаб чиқувчи), Prime Tower Group (Ўзбекистон, бош лойиҳачи) ва Discover Invest (Ўзбекистон, бош пудратчи) экспертлари жалб этилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро компаниялар Tashkent City қурилишига инвестиция киритаётгани хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид