Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида “Руҳий ҳолати бузилган шахсларнинг ҳисоби ва динамик кузатув тартиби тўғрисидаги йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги Соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.
Йўриқномага кўра, диспансер кузатуви даволаш-профилактика муассасаларининг участка шифокор психиатрлари томонидан олиб борилади.
Диспансер кузатуви оғир барқарор ёки тез-тез зўрайиб турувчи дардчиллик кўринишлари бўлган сурункали ва узоқ чўзиладиган руҳий ҳолатнинг бузилишига чалинган шахснинг, шунингдек унинг қонуний вакилининг розилигидан қатъи назар ўрнатилиши мумкин.
Диспансер кузатуви руҳий бузилишнинг умумлашган қуйидаги белгиларга мос келувчи шахсларга нисбатан белгиланади:
руҳий бузилиш сурункали ёки давомий бўлиши зарур;
касалликнинг аломатлари оғир бўлиши зарур;
касалликнинг оғир аломатлари турғун ёки тез-тез қайталанадиган бўлиши зарур.
Бемор назоратини белгилаш учун юқорида кўрсатилган барча белгиларнинг мавжудлиги асос бўлади. Бирор бир белгининг мавжуд эмаслиги ёки унинг борига шубҳа туғилган пайтда диспансер назоратини белгилаш масаласини қолдириш лозим, ушбу белгилар улардан бири, ёки бир нечтаси бўлмаган тақдирда психиатр ёрдами маслаҳат бериш-даволаш муолажаси кўринишида амалга оширилади.
Диспансер ҳисоби ва кузатувини ўрнатиш ҳамда уни тўхтатиш тўғрисидаги масалага доир қарор, амбулатория психиатрия ёрдамини кўрсатаётган психиатрия муассасасининг маъмурияти тайинлайдиган шифокор психиатрлар комиссияси ёки соғлиқни сақлаш органи тайинлайдиган шифокор психиатрлар комиссияси томонидан қабул қилинади.
Агар даволаш-профилактика муассасаси хизмат кўрсатадиган ҳудудда психиатрия ёрдами битта шифокор психиатр томонидан кўрсатилса, бундай қарорни у мустақил равишда уч ойдан ошмаган муддатга қабул қилади. Шу муддат ичида масала ихтисослаштирилган психиатрия муассасалари шифокор психиатрлар комиссияси томонидан кўриб чиқилади.
Шифокор психиатрлар комиссиясига, диспансер ҳисоби ва кузатувини ўрнатиш ҳамда уни тўхтатиш тўғрисидаги масалага доир қарор қабул қилиш учун беморларни келишини таъминлаш ҳамда ҳужжатларни ўз вақтида тақдим қилиш ҳудудий участка шифокор психиатрлари томонидан таъминланади.
Диспансер назорати белгиланиши зарурлиги масаласи кўриладиган шахснинг текширувдан яққол бош тортадиган вазиятларда қарор, тиббий ҳужжатларга (бирламчи психиатрик текширув натижалари ҳақида ёзувлар, беморнинг тиббий амбулатор картаси, психиатрик стационарнинг касаллик тарихи варақасидан кўчирма) қараб сиртдан қабул қилиниши мумкин.








