«Йил охиригача етказиб беришни йўлга қўйишга умид қиляпмиз. Ҳозирда етказиб берувчи роботлар зарур синов босқичларидан ўтмоқда. Роботлар озиқ-овқат маҳсулотлари, тайёр таомлар ва кундалик эҳтиёж молларини етказиб беради. Уларга фақат сервиснинг етказиб бериш вақтига қўйилган талабларини бажара оладиган йўналишлар белгиланади», — деди Иззат Шукуров.

Пилот лойиҳа натижаларига кўра, компания уни босқичма-босқич кенгайтиришни режалаштирмоқда. Жумладан, роботларни Yandex Uzbekistan экотизимининг бошқа сервислари буюртмаларини етказиб беришга жалб қилиш, шунингдек, бу хизматни бошқа компанияларга ҳам таклиф этиш кўзда тутилган.

Фойдаланувчи буюртмани расмийлаштириш вақтида иловада унинг тахминий етиб келиш вақтини кўради. Робот икки километргача бўлган масофага етказиб бериш учун мўлжалланган ва пиёдалар оқими тезлигида ҳаракатланади.

Роботлар шаҳарда қандай ҳаракатланиши ҳақидаги саволга жавобан компания улар лидар ва ультратовуш датчикларидан фойдаланишини маълум қилди. Ҳисоблаш тизими датчиклардан олинган маълумотларни қайта ишлайди, светофор сигналларини аниқлайди ва атрофдаги объектларнинг ҳаракатини прогноз қилади. Бу роботга мустақил равишда йўналиш танлаш, тўсиқларни айланиб ўтиш ва пиёдалар ўтиш жойларидан йўлни кесиб ўтиш имконини беради.

Олтита етакчи ғилдирак роботга баландлиги 10 сантиметргача бўлган бордюрлар ва нотекис қопламали йўл қисмларидан ўтишга ёрдам беради. Компания маълумотига кўра, роботлар ёмғирли об-ҳавода ҳам ҳаракатлана олади.

Таҳририят робот фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиши ва унга ўткинчиларнинг ёрдами керак бўладими, деган савол билан ҳам мурожаат қилди.

«Робот аксарият вазиятларни мустақил ҳал қила олади. Ностандарт ҳолат юзага келса, у масофадан туриб ишлайдиган операторга мурожаат қилади. Роботни қўл билан кўтариш ёки жойидан силжитиш тавсия этилмайди, чунки у анча оғир. Корпусидаги QR-код орқали қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилиш мумкин — мутахассислар зарур чораларни кўради», — дея тушунтириш берди компания.

Лойиҳага тайёргарлик ҳақида июль ойида маълум бўлган эди. Ўшанда Тошкент кўчаларида роботлар кўрилган ва Yandex Uzbekistan уларни Yandex Lavka буюртмаларини етказиб бериш учун синовдан ўтказаётганини тасдиқлаган.