“Ҳаж” тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш ҳукуматнинг 2017 йил 7 июндаги қарори билан тасдиқланган “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида низом билан тартибга солинади, деб хабар бермоқда “Ҳуқуқий ахборот” канали.
“Ҳаж” тадбири Дин ишлари бўйича қўмита ва Саудия Арабистони подшоҳлиги Ҳаж вазирлиги ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартнома асосида амалга оширилади.
“Ҳаж” тадбирини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ маълумотлар (фуқароларнинг ҳаж ва умра сафарларига навбати, сафар учун ажратилган ўринлар, тўловларнинг миқдори ва бошқалар) мунтазам равишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси расмий веб-сайтида эълон қилиб борилиши лозим.
“Ҳаж”га бориш учун талабгор доимий яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза ҳамда паспорти нусхасини тақдим этиши керак.
Ариза уларнинг доимий яшаш жойларидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан йил давомида қабул қилиниб, навбатга қўйиб борилади.
“Ҳаж”га боришга навбатга қўйиладиган номзодлар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
• номзод моддий ва жисмоний жиҳатдан “Ҳаж” тадбирига қодир бўлиши;
• “Ҳаж” амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга эга бўлиши;
• номзод маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши;
• оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда ибрат бўла олиши;
• йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариш, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши.
Бундан ташқари “Ҳаж”га бормоқчи бўлган фуқаро:
• “Ҳаж”га илгари бормаган бўлиши;
• вояга етган бўлиши;
• 45 ёшгача бўлган аёллар учун маҳрамлари (эри, отаси, ўғли, акаси, укаси ва ҳ.к.)нинг ҳам бирга бориши ҳамда маҳрам эканлигини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома ва никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома) нусхаси тақдим этиши лозим.
Саралаш натижасига кўра Ҳажга боришга навбатга қўйиладиган номзодлар рўйхати тегишли ҳудуддаги масжид ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари биноларида эълон қилинади ҳамда 15 кун мобайнида улар бўйича жамоатчилик фикри ўрганилади.
















