Футбол бўйича навбатдаги жаҳон чемпионати бошланиб, кунлик режаларимизнинг бир қисмига айланиб бўлди. Айнан шу кайфиятда эътиборингизга жаҳон чемпионатлари тарихида рўй берган қизиқарли воқеаларни ҳавола қиламиз.

ЖЧ-1930. Ногирон бомбардир

Футбол бўйича илк жаҳон чемпионати 1930 йилда Уругвайда бўлиб ўтган ва ушбу мамлакат мустақиллигининг юз йиллигига бағишланганди. Барча ўйинлар Монтевидеодаги стадионда ўтказилган. Аргентина ва Уругвай ўртасида кечган финалда жамоалар ҳар бўлимда бошқа тўпларда ўйнашди. Сабаби, шунчаки, томонлар кимнинг тўпида ўйнашни келиша олмаган эди.

Фото: AP

Илк мундиалда ғалабани Уругвай терма жамоаси нишонлаган. Ўйин 4:2 ҳисобида мезбонлар фойдасига тугаган ва сўнгги гол Эктор Кастро ҳисобига ёзилган. У жаҳон чемпионатлари тарихида жиддий жисмоний нуқсони бўлган ягона футболчи саналади. Кастронинг тирсагидан уёғида қўли йўқ эди.

ЖЧ-1970. Спорт – «уруш элчиси»

1969 йилда Салвадор ва Ҳондурас келаси йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқи учун икки учрашув ўтказиши керак эди. Илк ўйин Ҳондурасга белгиланди. Бу ўйинда мағлубиятга учраган салвадорликлар жавоб ўйинига жуда қаттиқ тайёрланишди. Ўйин улар учун ҳаёт ва мамот масаласига айланди.

Бу сафар Салвадор рақибини 3:0 ҳисобида тор-мор этди. Аммо ўйиндан кейинги тартибсизликлар натижасида ҳондураслик футболчилар ва мухлислар жабрланишди. Бунга жавобан Ҳондурасда ҳам тўполонлар бўлди ва у ерда истиқомат қиладиган салвадорликларнинг уйларини бузиш, калтаклаш бошланиб кетди.

Фото: fotki.yandex.ru

Футбол ўз йўлида, энди ғолибни аниқлаш учун учинчи ўйин ташкил этилиши белгиланди. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўйин Мексикага кўчирилди. Ўйин Салвадорнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Айнан шу ўйин тугагач, ҳар икки давлат ўзаро дипломатик алоқаларни узишди.

Бу ҳаммаси эмас. 1969 йилнинг 14 июлида Салвадор армияси чегарани бузиб ўтди ва баъзи баҳсли худудларга жойлаша бошлади. Эртасига Америка давлатлари ташкилоти йиғилиш ўтказиб, томонлардан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қила бошлади. Иқтисодий санкциялардан қўрққан Салвадор президенти Эрнандес зиддиятни тўхтатишга рози бўлган бўлса-да, бу зиддият аллақачон беш мингдан ортиқ ҳарбийлар ва тинч аҳолини ҳаётдан олиб кетиб улгурганди. Орадан ўн йил ўтибгина, томонлар тинчлик битимини имзолади.