Ўзбекистон | 10:50 / 22.06.2018
2083
3 дақиқада ўқилади

Президент қарори билан Дипломатия университетининг асосий вазифалари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президенти «Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Белгилаб қўйилишича, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги тизимига киради ҳамда қуйидаги йўналишлар бўйича мутахассислар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакаси оширишни, юқори даражада фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар олиб борилишини таъминлайдиган асосий олий таълим муассасаси ҳисобланади:

  • халқаро иқтисодиёт ва менежмент;
  • халқаро муносабатлар ва сиёсий фанлар;
  • халқаро оммавий ва хусусий ҳуқуқ;
  • гид ҳамроҳлиги ва таржимонлик фаолияти.

Қуйидагилар Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

  • илғор хорижий тажрибадан, шу жумладан, замонавий инновацион педагогик технологиялар ва илмий ишланмалардан фойдаланиш, мамлакатдаги таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг мазкур йўналишдаги фаолиятини самарали мувофиқлаштириш асосида республика ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолияти соҳасида халқаро мутахассисларни тайёрлашнинг юқори сифатини таъминлаш;
  • талабаларнинг мустақил тайёргарлик кўришини чуқурлаштиришни, уларда таҳлилий фикрлашни, мустаҳкам касбий кўникмаларни, юксак маънавий-ахлоқий ва ватанпарварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ривожлантиришни таъминлайдиган ўқув режалари ва дастурларининг амалий мазмунини кучайтириш;
  • Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда бошқа соҳавий вазирлик ва идораларнинг доимий янгиланиб турадиган истиқболли кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида халқаро соҳадаги кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш;
  • халқаро муносабатлар, хорижлик шериклар билан ҳамкорлик, мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ҳамда ташқи иқтисодий фаолияти ривожланишининг прогноз баҳоларини ва истиқболларини ишлаб чиқишга қаратилган фундаментал ҳамда илмий-амалий тадқиқотлар самарадорлигини тубдан ошириш;
  • халқаро муносабатларнинг устувор йўналишлари бўйича юқори малакали илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш;
  • хорижий мамлакатларнинг расмий тадбирлари ва делегацияларига юксак даражада ҳамроҳлик қилишни таъминлашга сафарбар этилган юқори малакали профессионал таржимонлар ҳамда гидларни ўқитишнинг замонавий услублари ва воситаларидан фойдаланган ҳолда ташкил этиш;
  • Университетнинг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилишни яхшилаш, уларнинг самарали ишлаши учун муносиб шарт-шароитлар яратиш бўйича ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш.