Европа космик агентлиги (ESA) мутахассисларининг маълум қилишича, NGC 3239 номи билан ҳам танилган Arp 263 америкалик астроном Халтон Арп тузган «Ғайриоддий галактикалар атласи»даги энг ажойиб ва ғалати галактикалардан бири ҳисобланади. Унинг асосий ўзига хос жиҳати — тартибсиз ва хаотик шаклидир.

Астрономларнинг фикрича, Arp 263 бундай ғайриоддий кўринишга узоқ ўтмишда бошқа галактика билан тўқнашиб, кейинчалик у билан қўшилиб кетиши натижасида эга бўлган.

Бу тахминни галактика атрофидаги иккита қисқа ва эгилган «дум» ҳам қувватлайди. Бундай тузилмалар одатда галактикаларнинг кучли гравитацион ўзаро таъсири, жумладан, уларнинг тўқнашуви натижасида пайдо бўлади.

Arp 263да ҳозир ҳам янги юлдузлар фаол шаклланмоқда. Бу ҳам галактика таркибидаги газ кучли ташқи таъсирга учраганидан далолат берувчи белгилардан бири ҳисобланади.

Одатда икки галактика қўшилганидан кейин иккинчи галактиканинг муайян излари сақланиб қолади. Бироқ Arp 263 мисолида унинг эҳтимолий собиқ «ҳамроҳи» деярли изсиз йўқолган.

Олимлар бу ҳолатни икки хил тахмин билан изоҳламоқда. Биринчи эҳтимолга кўра, иккинчи галактика жуда кичик бўлган ва унинг моддаси Arp 263 томонидан тўлиқ ютиб юборилган. Бошқа тахминга кўра эса, у ёрқинлигига нисбатан анча катта массага эга бўлган ва шу сабабли унинг қолдиқларини ҳозир аниқлаш қийин.

Ҳатто «Жеймс Уэбб» телескопининг юқори аниқлиги ва сезгирлиги ҳам бу қадимий жараённинг барча сирларини очиб бериш учун ҳозирча етарли эмас. Шунга қарамай, телескопнинг яқин инфрақизил диапазонда ишлайдиган NIRCam камераси Arp 263нинг аввал кузатиш имкони бўлмаган тафсилотларини кўрсатди.

Хусусан, янги тасвирда галактиканинг қалин газ булутлари ичида яширинган кўплаб юлдуз ҳосил бўлиш ҳудудларини кўриш мумкин.

Галактика бўйлаб тарқалган чанг мураккаб молекулалар чиқарадиган нурланишни акс эттириб, тасвирда қизил тусда кўринади. Янги юлдузлар шаклланаётган ҳудудлар атрофидаги кўк рангли қисмлар эса юлдузлар нури таъсирида ионлашган водород газидир.

Энг фаол юлдуз ҳосил бўлиш ҳудуди ихчам юлдуз тўдалари занжиридан иборат. Бу занжир янги юлдузлар шаклланаётган энг катта ва ёрқин туманлик томон чўзилган. «Жеймс Уэбб» ушбу «юлдузлар бешиги»нинг ичкарисига назар ташлаш ва у ерда аллақачон шаклланган юлдузларни кўриш имконини берди.

Суратдаги энг ёрқин объект эса Arp 263 таркибига кирмайди. У BD+17 2217 юлдузи бўлиб, бизнинг Сомон йўли галактикамизда жойлашган.