Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига ташриф буюрди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 29 июнь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига ташриф буюриб, “Иброҳим ота” маҳалласида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу маҳаллада 19 та икки қаватли ва 4 та тўрт қаватли уй жойлашган. Улар 1960-йилларда қурилган бўлиб, бугунги кунда таъмирталаб бўлиб қолган. Муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳам эскирган.
Шу каби маҳаллалар қиёфасини янгилаш мақсадида куни кеча “Обод маҳалла” дастури қабул қилинди. “Иброҳим ота” маҳалласи ҳам мазкур дастурга киритилган. Унга мувофиқ, барча кўп қаватли уйлар, кўча ва йўлаклар таъмирланиб, ҳудуд ободонлаштирилмоқда. 7 та икки қаватли арзон уй-жой, замонавий мактабгача таълим муассасаси қурилмоқда.
Шунингдек, намунавий лойиҳа асосида маҳалла гузари, коммунал тўловлар шохобчаси, болалар ва спорт майдончалари барпо этилиши режалаштирилган.
Президент уйма-уй юриб, ҳар бир оиланинг талаб-истакларини ўрганиш, муаммоси бўлса ёрдам бериш, тадбиркорларни жалб этиб, ишчи жойлар яратиш зарурлигини таъкидлади.
Бу ердаги одамларнинг ҳам бола-чақаси, эртанги кундан умидлари бор. Мамлакатимиздаги ўзгаришларни, қабул қилинаётган дастурлар натижасини одамлар ўз уйида сезиши керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбари мазкур маҳалла фаоллари ва аҳоли билан суҳбатлашди. Аҳолини иш билан таъминлаш, шаҳару қишлоқларни обод қилиш, мактабгача таълим ва мактаб таълимини ривожлантириш, ёшларни етук инсонлар этиб тарбиялаш борасидаги ислоҳотлар моҳияти ҳақида мулоқот бўлди. «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва «Ёшлар - келажагимиз» дастурлари аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш, ёшларни қўллаб-қувватлашга замин бўлиши таъкидланди.
Мавзуга оид
17:53
Тошкент халқаро аэропортида учиб келиш залини реконструкция қилиш бошланди
11:34
Тошкентда ўқувчилар орасида синтетик наркотик истеъмол қилиш кўпаяётгани айтилди
20:02 / 18.11.2024
Англияга пул эвазига ишга юборишни ваъда қилган шахс ушланди
17:10 / 18.11.2024