2018 йил июнь ойида биринчи марта жорий йилнинг сўнгги даврида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархлари умумий даражасида пасайиш кузатилган бўлиб, истеъмол секторидаги дефляция даражаси ой давомида 0,4%ни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Ой давомида товарлар нархи ўртача 0,6%га пасайган бўлса, хизматлар эса аксинча, 0,3%га қимматлашган.

Асосий гуруҳлар бўйича нархларнинг ўзгариши таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ноозиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда хизматлар нархининг қимматлашиши умумий истеъмол нархлари индекси (кейинги ўринларда ИНИ)га 0,4 фоиз даражасида (ф.д.) таъсир этиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайиши эса ИНИнинг 0,8 ф.д.да камайишига олиб келди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ой давомида ўртача 1,8%га арзонлашганлиги, умумий ИНИнинг 0,8 ф.д.да пасайишига замин яратди.

Мева ва сабзавот маҳсулотлари нархларининг пасайиши, жумладан, тухум, шакар, ёғ ва мой маҳсулотларининг арзонлашгани умумий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражасига сезиларли таъсир кўрсатиб, умумий ИНИнинг 1,5 ф.д.да пасайишига олиб келди. Шулар билан бир қаторда гўшт, нон, алкоголь ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши умумий ИНИнинг кўтарилишига ёрдамлашди (0,7 ф.д.да таъсир этди).

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи таркибига кирувчи товарлар нархлари орасида қимматлашиш борасидаги етакчилик ёрма ва дуккаклиларга (ўсиш 15,3%), пасайиш бўйича эса картошка ҳамда сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади (пасайиш мос равишда 38,9% ва 29,1%).