Жамият | 14:59 / 04.07.2018
7730
4 дақиқада ўқилади

“Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танлови эълон қилинди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Журналистлар ижодий уюшмаси, “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси, Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Бадиий академия, Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ҳамда Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма етти йиллигига бағишлаб “Энг улуғ, энг азиз” анъанавий танловини эълон қилади.

Танловга “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ва 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунига мувофиқ яратилган, давлатимиз ва жамиятимиз қурилиши тизимини такомиллаштириш, айниқса, халқ билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш, инсон манфаатларини таъминлаш, қонун устуворлигига эришиш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишни ёритувчи; тинчлик-осойишталик ва хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш, ташқи сиёсат соҳасида барча узоқ ва яқин давлатлар билан ўзаро манфаатли алоқаларни жадал ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг мазмун-моҳиятини ҳаётий мисоллар орқали очиб берувчи ижодий асарлар қабул қилинади.

“Энг улуғ, энг азиз” танлови қуйидаги номинациялар бўйича ўтказилади:

– ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари;

– босма оммавий ахборот воситалари ходимларининг мақолалари;

– оммавий ахборот воситаси сифатида давлат рўйхатига олинган веб-сайтлар ходимларининг журналистик ишлари;

– телевидение ва радио ижодкорларининг материаллари;

– тасвирий санъат, фото асарлари ва дизайн ишлари;

– кино санъати асарлари.

Танловга тақдим этилган ижодий ишларга қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши лозим:

– муаллиф ва унинг профессионал фаолияти тўғрисида қисқача маълумот;

– муаллифнинг паспорти нусхаси;

– иш жойидан тавсиянома;

– муаллифнинг манзили ва боғланиш телефонлари.

Танловга 2017 йилнинг 1 августидан 2018 йилнинг 1 августигача бўлган даврда расман чоп этилган адабий-бадиий асарлар, газета-журналлар ва интернет нашрларида эълон қилинган мақолалар, радио ва телевидение каналларида эфирга узатилган материаллар, намойиш этилган тасвирий санъат ва кино санъати асарлари жорий йилнинг 3 августигача қабул қилинади.

Танлов ғолиблари Ватанимиз мустақиллигининг йигирма етти  йиллик байрами арафасида мукофотланадилар ва уларнинг рўйхати матбуотда эълон қилинади.

Ижодий ишлар “Энг улуғ, энг азиз” танловига деб кўрсатилган ҳолда қуйидаги манзилга юборилиши лозим:

100129, Тошкент шаҳри, Навоий кўчаси, 30-уй.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси,

Ўзбекистон “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси.

Телефонлар:  244-12-61; 244-64-61; 244-11-64.

Мавзуга оид