Украина собиқ мудофаа вазири ва "Гражданская инициатива" партияси раҳбари Анатолий Гриценко Қримни Россиядан куч билан тортиб олишга уриниш нимага олиб келиши мумкинлигини айтди, деб ёзади РИА Новости.

Унинг айтишича, Донбассдаги низони ҳал этишнинг қандайдир “норасмий режаси” мавжуд. Гриценконинг қайд этишича, бунда кучдан фойдаланиш услуби назарда тутилмаган.

"Агарда Украина Қрим ва Донбассни куч билан тортиб оладиган президентни сайлайдиган бўлса, у ҳолда Россиядан санкциялар олиб ташланади ҳамда бизга нисбатан жорий этилади ва шу билан Украина тамом бўлади", — деди собиқ мудофаа вазири Lb.ua. порталига берган интервьюсида.

У шунингдек, режани амалга ошириш кўзда тутилмаганини айтди.

"Нима учун режа амалга оширилмаяпти? Иккита сабаб билан. Биринчиси – режа уч-беш йилга мўлжалланган бўлиб, у бир йилдан камроқ вақти қолган ҳукумат билан келишилмайди. Иккинчи сабаб – Украина ҳукуматининг сўзида тура олмаслиги. Нафақат ўз фуқаролари олдида, балки шериклари олдида ҳам. Шу боис ҳозирги президент даврида бу режа амалга оширилмайди", — деди Гриценко.

Украинада Қрим ва Донбассни қайтариб олиш ҳақида бир неча марта сўз борган. Мамлакат собиқ президенти Леонид Кравчукнинг айтишича, яриморолни унга алоҳида мақом бериш орқали қайтариб олиш мумкин. У шунингдек, Украина шарқидаги низони бартараф этиш учун Донбассда бошқа вилоятлардаги тартибдан фарқ қилувчи “ҳаётни ташкил этиш” кераклигини айтган. Аввалроқ Кравчук Москва яриморолни ўз ихтиёри билан “қайтариб бериши” мумкинлигини айтганди.