15 июль кунидан бошлаб хориж мамлакатлари фуқаролари Ўзбекистонга кириш визасини олиш учун дипломатик вакиллик ёхуд Ўзбекистоннинг чет эллардаги консуллик идорасига расмий мурожаат қилиши шарт эмас. Президент Шавкат Мирзиёев 4 июль куни имзолаган ҳужжатда шундай дейилади. Унга кўра, чет эл фуқаролари янги ташкил этилган «E-visa.uz» кириш визаларини расмийлаштириш тизими орқали Ўзбекистонга кириш ҳуқуқини берувчи визани қўлга киритиши мумкин.
Хориж мамлакатлари фуқаролари Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун қандай маълумотларга эга бўлишлари керак?
- www.e-visa.gov.uz ҳаволаси орқали порталга мурожаат қилинади;
- индивидуал ёки гуруҳ бўлиб мурожаат қилиш тартиби мавжуд;
- мурожаат берилган кунни ҳисобга олмаганда 2 ишчи куни давомида кўриб чиқилади;
- визанинг амал қилиш муддати расмийлаштирилган кундан бошлаб 90 кун;
- 30 кунлик муддатга бир марталик кириш учун расмийлаштирилади;
- визани расмийлаштириш нархи - 20 АҚШ доллари;
- кириш ҳужжатларини олиш соддалаштирилган давлатлар фуқаролари учун.
E-VISA'ни олиш учун мурожаат қилиш тартиби қандай?
- www.e-visa.gov.uz порталига кириш;
- Аризачининг маълумотларини киритиш;
- Сурат ва паспорт сканини юклаш;
- Электрон почта орқали аризани тасдиқлаш;
- «VISA» халқаро тўлов тизими орқали давлат божини тўлаш;
- Мурожаат қайта ишланишининг тугашини кутиш;
- Электрон почтадан визага берилган сўровнинг ҳолати ҳақида хабар олиш;
- Тайёр визани чоп этиш учун консультациялар сервисига ўтиш.
Консультациялар сервиси воситасида мурожаат ҳолатини текшириш имкони мавжуд.












