Ўзбекистонга кириш талаблари 2018 йилда енгиллаштирилган. 2019 йилнинг 1 февралидан 76 мамлакат фуқаролари Ўзбекистонга кириш электрон визаси (e-visa)ни олиш имкониятига эга бўлган.

Шу кунларда Reddit платформасидаги Ўзбекистонга оид бўлимда мамлакатга келмоқчи бўлган сайёҳлар e-visa платформаси яхши ишламаётгани ҳақида ёзишмоқда.

Spocksays тахаллусли фойдаланувчи e-visa платформасида ариза бериш учун 5 марта уринишига қарамай, қайта-қайта техник хатолик юз бераверганини айтган.

“Мен бир амаллаб тўлов қилинадиган босқичгача етиб борсам ҳам, тўлов амалга ошмаяпти. Яна тўлашга ҳаракат қиламан, тўлов амалга оширилди деб чиқади, лекин мен аниқ биламан: картамдан пул ечиб олингани йўқ. Охир-оқибат, тўлов ҳолатидан қатъи назар, тасдиқловчи электрон хат келмайди.

Кимдир тўловни муваффақиятли амалга ошириб, бу чиқинди сайтдан виза расмийлаштира олдими? Мен шунчаки Ўзбекистонга бориб ош еб кўриб, сайёҳ сифатида мамлакат иқтисодиётига фойда келтирмоқчи эдим. Туризм вазирлиги бу имкониятни бой бермоқда”, – дейди фойдаланувчи.

Яна бир фойдаланувчи юқоридаги фикрларга қўшилиб, сайтнинг яхши ишламаслиги ҳақида ёзган.

“Ҳақиқатан ҳам бу – чиқинди сайт. Охирги марта синаб кўрганимда уни ишга тушириш учун бироз вақт керак бўлди – ишлаган кредит карта “Chase reserve” картаси бўлган ва сайт фақат Chrome'да ишлаганди. Бундан ташқари, электрон хатлар спам тоифасига тушиши мумкин – бу одамни чарчатади”,– дея оғринган у.

Яна бир фойдаланувчи бир неча ҳафта олдин электрон виза олгани ва у ҳам худди шундай муаммога дуч келганини таъкидлаган.

“Мен дуч келган биринчи муаммо – паспортимдаги сурат билан ва фотосуратимнинг ўлчамлари бир хил эмаслиги эди. Кейин мен ҳам сиздаги каби муаммога дуч келдим ва тасдиқлаш хатини олмагунимча қайта-қайта уринавердим. Бундан ташқари, элчихона ҳам жавоб бера қолмайди, шунинг учун афсуски қайта-қайта уриниб кўраверишдан бошқа иложингиз қолмайди”, – дейди у.