Жамият | 03:36 / 14.07.2018
22445
2 дақиқада ўқилади

Johnson&Johnson 22 нафар аёлга 4,7 млрд доллар тўлаб беради

Фото: AP

АҚШнинг Миссури штати Сент-Луис шаҳри қасамёд қилган маслаҳатчилар суди Johnson&Johnson корпорациясини Baby Powder болалар упасидан фойдаланишганидан сўнг тухумдонлар саратонига учраганини таъкидлаган аёлларга 4,69 миллиард доллар компенсация тўлаш ҳақида қарор чиқарди, деб хабар беради St.Louis Post-Dispatch.

Суд мажлиси давомида 22 нафар аёлнинг даъвоси кўриб чиқилди, улардан 6 таси саратон туфайли вафот этган бўлиб, аёлларнинг қариндошлари томонидан судга даъво аризаси киритилган. Уларнинг барчаси онкологик касаллик упа таркибига кирувчи асбест туфайли келиб чиққанини таъкидлашган.

Суд даъвогарларга моддий зарар учун 550 миллион доллар, маънавий зарар учун 140 миллион доллар тўлаш ҳақида қарор чиқарди.

Johnson&Johnson корпорциясидагилар «суд қароридан ниҳоятда таажжубга тушишгани»ни эълон қилишди ва апелляция беришларини таъкидлашди.

Бу корпорцияга қарши биринчи айблов эмас. Илгари болалар упасидан 1950 йилдан 2016 йилгача фойдаланган америкалик аёл ҳам Johnson & Johnson устидан судга мурожаат қилган эди.

Бир неча йил аввал унга тухумдонлар саратони ташхиси қўйилган, шунда аёл касаллик «талькнинг асоссиз хавфли ва сифатсиз хоссаси натижаси» деган хулосага келган. Аввалига суд унинг тарафига ўтиб, корпорацияга 417 миллион доллар тўлаш мажбуриятини юклаган, бироқ юқори инстанциядаги суд бу қарорни бекор қилган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид