KUN.UZ почтасига келиб тушган навбатдаги мурожаатлардан бирида тадбиркор учун ажратилган ер майдони Андижон шаҳар ҳокимлиги томонидан тортиб олинганлиги ҳақида баён этилган. Мурожаатда таъкидланишича, Андижон шаҳрида жойлашган “Ёрбоши” замонавий кушхона комплекси давлат дастури бўйича тасдиқланган лойиҳа бўлиб, шаҳар ҳокими чиқарган қарор сабабли унинг ижроси амалга оширилмаяпти. Мурожаатни тўлиқ ўрганиш мақсадида Андижон вилоятига бордик.
Андижон шаҳрининг “Қўшариқ” даҳасида жойлашган “мини-коплекс” – замонавий кушхонаси янги дастгоҳлар билан жиҳозланган бўлиб, бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб беради. Аслида, мазкур корхона 2015 йили республиканинг барча шаҳар ва туман марказларида чорва молларини автоматлаштирилган равишда сўйиш ҳамда гўшт ва гўшт маҳсулотларини сотиш бўйича намунавий мини-комплексларни ташкил этиш мақсадида давлат дастури доирасида бунёд этилган эди. 2015 йил 2 июлда комплексни қуриш учун ер майдони танлаб ажратишга ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлашга рухсат бериш тўғрисида собиқ шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи У.Солиев имзоси билан қарор чиққан эди.

Лойиҳага кўра, дастлаб замонавий кушхона бунёд этилиб, иккинчи босқичда тайёр чарм маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи линиялар ишга туширилиши керак эди. Тадбиркор томонидан ушбу мақсадларни амалга ошириш учун 2015 йилда тижорат банкидан 1 миллиард 750 миллион сўмлик кредит олинган бўлиб, кушхона тўлиқ қуриб битказилди. Бугунги кунда олинган кредитнинг фақат 400 миллион сўми қопланган, холос. Тадбиркор томонидан ҳар ойда 57 миллион сўмдан кредит фоизлари тўланмоқда.
2017 йил 20 декабрда Андижон шаҳар ҳокими Д.Раҳматуллаев “Ёрбоши” корхонасига қуриб битказилган бино-иншоатни фойдаланишга қабул қилиш ҳамда эгалик ҳуқуқини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни имзолади.

Бироқ, орадан уч ой ўтиб шаҳар ҳокими ўз қарорини бекор қилишга аҳд қилди. 2018 йил 22 март куни 330-қ сонли қарор билан Андижон шаҳри ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев тери маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш ва гўшт маҳсулотларини сотиш, савдо-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда тайёр тери маҳсулотларини чет элга экспорт қилиш базасини қуриш учун ажратиб берилган ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқини бекор қилди.
























