Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё ҳудуди бўйича вице-президенти Сирил Мюллер Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот хизматига интервью берди. Унда дунёнинг нуфузли молиявий ташкилоти билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик масалалари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгуси режалар ҳақида маълумот қилинди. Суҳбат журналист Сергей Алибаев томонидан олиб борилди.
— Жаноб Мюллер, президент Шавкат Мирзиёев билан бўлган учрашувда ҳамкорликнинг қайси йўналишлари муҳокама қилинди?
— Президент Мирзиёев билан бўлган суҳбатда биз Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини муҳокама қилдик. Сўнгги 12 ой ичида биз бу мамлакатда умумий қиймати 1,7 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширдик. Бу Ўзбекистон билан Жаҳон банки ҳамкорлиги доирасидаги рекорд қийматдир.
Шунингдек, президент Мирзиёев билан бўлган суҳбатда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар дастури, шунингдек, боғдорчилик, ирригация ва энергетика тизимини ривожлантириш лойиҳаларини муҳокама қилдик. Энг асосий жиҳати бу дастурлар доирасида олдинга силжиш борлигини қайд қилдик.
— Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорлик доирасида жами 39та лойиҳа тайёрланган. Уларни имтиёзли молиялаштиришга 4,4 миллиард доллар жалб қилинган, 2020 йилгача мўлжалланган ҳамкорлик дастури қабул қилинган. Муҳим лойиҳалар ҳақида гапириб берсангиз.
— Лойиҳалар тўғрисида гапирар эканмиз, 2та асосий жиҳатга эътибор қаратишни лозим кўраман. Ўзбекистон ёш мустақил давлат ҳисобланади. Шу жиҳатдан олиб қаралса, Жаҳон банки учун таълим ва тиббиёт соҳасидаги дастурларни амалга ошириш, яъни, инсон капиталига инвестиция киритиш муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, биз Ўзбекистонда олий таълим тизимини ислоҳ қилишга ҳам кўмаклашамиз. Мактабгача таълим соҳасини ислоҳ қилиш лойиҳаси ҳам маъқулланиш арафасида турибди. Иккинчи жиҳати, биз инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларга эътибор қаратамиз. Бундан ташқари, қишлоқ ҳаёти ва аҳолисига оид дастурларни ривожлантиришга ёрдам бериб, уларни молиялаштирмоқчимиз.
— Жаҳон банки президент Мирзиёев томонидан олиб борилаётган турли соҳалардаги ислоҳотларга юқори баҳо берди. Бундан ташқари, банкнинг етакчи мутахассислари солиқ концепциясини ишлаб чиқишда ҳам ёрдам беришди. Иқтисодий ҳамкорлик кенгаши тузиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Президентнинг кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ташаббусини қандай баҳолайсиз?

















