Фото: Сергей Бобылев/ТАСС

Алиссон Беккер кеча «Рома»дан «Ливерпуль»га ўтди. Инглиз клуби бразилиялик дарвозабон учун жами 72,5 миллион доллар тўлади. Натижада Алиссон ҳозирги ва ўтган замонанинг энг қиммат дарвозабонига айланди. Шу муносабат билан ТАСС нашри футбол тарихидаги энг қиммат ўнта футболчини ёдга олди.

10. ПЕТР ЧЕХ, 13 миллион евро («Ренна»дан «Челси»га)

Фото: EPA-EFE/FACUNDO ARRIZABALAGA

Чех - «Виктория» тарбияланувчиси бўлса-да, профессионал фаолиятида бирон марта ушбу клуб дарвозасини қўриқлаган эмас. 1999 йилдан 2002 йилгача Чехияда «Хмел» ва Праганинг «Спарта» жамоаларида ўйнади, шундан сўнг Франциянинг «Ренн» клубига ўтди. Чехнинг хизматлари эвазига «Ренн» Франция кубоги яримфиналига қадар етиб борди ва 2003/04 йиллар мавсумида чемпионатни тўққизинчи ўринда якунлади.

2004 йилда футболчи «Челси» сафига ўтишга рози бўлди. Лондонликлар унинг трансфери учун 10 миллион евро ва қўшимча 3 миллион миқдорида бонуслар тўлади. Бир йилдан сўнг Чехни «Жаноб зеро» (зеро – инглизчадан «ноль») дея атай бошлашди. Чунки кетма-кет 11 ўйин ва 35 дақиқа давомида дарвозасидан гол ўтказиб юбормай, лига рекордини ўрнатганди. Бошидан жиддий жароҳат олгач, ўйинларга ниқобда чиқиши сабаб бошқа бир лақаби - «танкчи» номини ҳам олди. 

«Челси» сафида Чех тўрт марта Англия чемпиони ва мамлакат кубоги соҳиби бўлди. Чемпионлар лигаси ва Европа лигасида ғалаба қозонди. Сўнг 2015 йилда Лондоннинг бошқа бир жамоаси - «Арсенал» сафига ўтди.

9. ЯН ОБЛАК, 14 миллион евро («Бенфика»дан «Атлетико»га»

Фото: EPA-EFE/GUILLAUME HORCAJUELO

Словениялик Облак 2010-2014 йиллар давомида «Бенфика»даги ўйинлари орқали ўз номини жаҳонга ёйди. 2013/14 йиллар мавсуми унинг учун Лиссабондаги энг яхшиси бўлди: у чемпионатнинг энг яхши дарвозабони сифатида эътироф этилди. Шундан сўнг қўшни давлатга йўл олиб, «Атлетико» сафига қўшилди. Яннинг трансфери мадридликларга 14 миллион еврога тушди. Ўшандан буён ёш дарвозабон «Атлетико»нинг алмаштириб бўлмас биринчи рақамли посбони бўлиб қолмоқда.