Ўзбекистон Республикаси президенти “Тошкент шаҳрида “ММФИ” миллий тадқиқот ядро университети” федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш ва унинг фаолиятини ташкиллаштириш тўғрисида”ги қарорни имзолади.
Ҳужжат билан белгилаб қўйилишича:
а) “ММФИ” МТЯУ филиалига қабул квотаси манфаатдор вазирлик ва идораларнинг кадрларга бўлган эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергетикасини ривожлантириш агентлиги, бош муассаса билан келишилган ҳолда тайёрланган, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг асослантирилган таклифлари бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланади;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда малакали кадрларни тайёрлашга бўлган эҳтиёжни ҳар йили таҳлил қилиб боради ҳамда таҳлил натижасига кўра “ММФИ” МТЯУ филиалига келгуси ўқув йилларида таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича талабаларни қабул қилиш сони юзасидан таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;
б) Васийлик кенгашининг қарорига мувофиқ “ММФИ” МТЯУ филиали ходимларига уларнинг юқори малакаси, ихтисослаштирилган компьютер комплекслари билан ишлаш кўникмалари учун “ММФИ” МТЯУ филиалининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан шахсий устама белгиланиши мумкин;
в) “ММФИ” МТЯУ филиалининг давлат грантлари асосида ўқиган битирувчилари республика ишлаб чиқариш-саноат тармоқлари ташкилотларида камида беш йил ишлаб бериш шарти билан ишга тақсимланади;
г) “ММФИ” МТЯУ филиалининг фаолияти:
“ММФИ” МТЯУ филиалига давлат грантлари бўйича қабул қилинадиган талабаларни ўқитиш, шунингдек, ядро энергетикаси ва технологияларини ривожлантириш соҳасида илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун Фанлар академиясига Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
Васийлик кенгашининг қарорлари асосида шакллантириладиган пул маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда мақсадли бадаллари;
халқаро молия институтларининг грантлари;
қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади;
















