23 июль куни ОАВда Самарқанд шаҳридаги 64-сонли алоҳида сақлаш шароитлари, тарбия ва таълимга муҳтож ўғил болалар учун ихтисослашган мактаб раҳбарлари ва тарбиячилар тарбияланувчиларни калтаклаб келаётгани ҳақида хабар пайдо бўлгач, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Халқ таълими вазирлиги вазиятни ўрганишга киришди.

Бугун Бош прокуратура Самарқанддаги мактаб-интернатда мансабдор ва масъуллар томонидан тарбияланувчилар тизимли равишда қийноққа солиб келинганига расман муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, мактаб-интернат директори Шуҳрат Садинов ушланган, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи ўрганилмоқда.

«Мазкур ҳолат Бош прокуратура раҳбарияти алоҳида назоратига олиниб, шахсан Самарқанд вилояти прокурори томонидан олиб борилган текширув давомида аниқланишича, мактаб-интернат директори Ш. Садинов ва бошқалар мансаб ваколати доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиб, ўз фаолиятлари давомида мактаб-интернатининг ўқувчилари, вояга етмаган Х. (2001 й.т.), М. (2006 й.т.) ва Ў. (2003 й.т.)ларни мактаб тартиб-қоидаларига риоя қилмаётганини рўкач қилган ҳолда таълим-тарбия давомида уларга раҳмсиз муомалада бўлиб, муттасил равишда уриб, қийнаб, уларга турли даражадаги тан жароҳатлари етказган.

Вилоят суд-тиббий экспертиза (СТЭ) бюросининг 23 июлдаги хулосаларига кўра, ариза берган М.Мирзаеванинг фарзанди М.нинг танасида қатор жароҳатлар мавжудлиги, улар «Енгил тан жароҳатлари» гуруҳига кириши аниқланган. Жиноят иши бўйича 89 нафар мактаб-интернати тарбияланувчиларига нисбатан вилоят СТЭ бюроси экспертлари томонидан гувоҳлантириш ҳаракатлари ўтказилди, тарбияланувчиларнинг амбулатор карталари баённомалар асосида олиниб, ўрганилмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан 23 июлда Самарқанд шаҳар прокурори томонидан 64-сонли мактаб-интернати директори Ш. Садинов ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (вояга етмаганларга нисбатан муттасил равишда дўппослаш ёки бошқача ҳаракатлар билан қийнаш), 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мактаб-интернати директори Ш. Садинов ушланган, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўллаш масаласи ўрганилмоқда. Жиноят иши тергови вилоят прокурори томонидан алоҳида назоратга олинган», дейилади Бош прокуратура хабарида.

Айни вақтда Жиноят иши тергови Самарқанд вилояти прокурори томонидан алоҳида назоратга олинган.