Узоқ вақтдан бери Ўзбекистоннинг анклав ва эксклав, яъни  ҳудудини юз фоиз бошқа мамлакат ери ўраб турувчи Фарғона вилояти, Сўх туманига бориб, ўқувчилар учун аҳолининг турмуши, бугунги куни ва муаммолари ҳақида мақола тайёрлашни режалаштирган эдик. Ниятимиз ёзнинг иссиқ кунларида амалга ошди.  

Келинг, аввал сиз билан “анклав” атамасига ойдинлик киритиб олсак... Анклав (франц. enclave, лот. inclavare — қулфлаб олиш) – бир давлатнинг ҳамма томондан бошқа давлат ҳудуди билан ўраб олинган ҳудуди ёки ҳудудининг бир қисми. Фарғона вилоятига қарашли Сўх, Чўнғара, Шоҳимардон, Қалача ҳудудлари Ўзбекистон эксклавлари бўлиб, Қирғизистон Республикаси учун анклав ҳисобланади.

Сўхдан KUN.UZ таҳририятига келган мурожаатларда туманга оммавий ахборот воситалари вакилларининг кам қадам босиши ҳақида ёзишган. Биз бўлса, ўзбекистонликларнинг ўз юрти туманига бориши учун жуда мураккаб чиғириқли йўл босишини тасаввур ҳам қилмаган эдик.

Саёҳатимиз ростдан ҳам таассуротларга бой ва қизиқ кечди.    

Чегара машмашаси ва ундан ўтиш учун “билет” олганимиз ҳақида..

Фарғона шаҳрининг қоқ марказида, тўғри Сўхга қатнайдиган таксилар турадиган жой бор экан. Ҳамма жойда бўлгани сингари уни ҳам маҳаллий тилда “питак” деб аташади. Эрталаб соат тўртда ўша йўналишда қатновчи таксичига телефон қиламиз. У : “Одам олмай кутиб тураман. Сўхга бориш, бир кишига 25 минг сўм”,-дейди. Юз километр йўлга 25 минг сўм, қиммат эмас... Тасвирга олиш ускуналаримиз борлиги учун  битта йўловчи камроқ олишини айтиб, келишдик.

Дуони қуюқ қилиб, Фарғонадан Водил қишлоғи томон йўлга чиққанимизда соат тўрт бўлганди. Водилгача бўлган масофа 20-25 километрни ташкил қилар экан. Вилоят марказидан Сўхгача бўлган масофа эса 110 километр.

Водий халқи эрта уйғонади. Саҳар бўлишига қарамай, тонгда кўчалар гавжум. Водилдаги чегара постида эса тумонат одам экан. Тонгда ўтувчилар оқими деярли фақат бир томонга, яъни Қирғизистон  тарафга эди. Мазкур пост орқали Сўх ва Фарғона туманларининг Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларига ҳам ўтилади.