Спорт | 07:26 / 28.07.2018
79096
3 дақиқада ўқилади

Ғофур Раҳимов Миллий олимпия қўмитасига борди

27 июль куни Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти, Халқаро ҳаваскор бокс ассоциацияси (AIBA) президенти вазифасини бажарувчи Ғофур Раҳимов Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Уни Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов кутиб олди.

Фото: МОҚ ахборот хизмати

«Биласиз, AIBA жаҳонда учинчи ёки тўртинчи ўринда турувчи спорт федерацияси ҳисобланади. Бокс бутун дунёда яхшигина ривожланиб кетган. Ҳаваскорлар ўртасида ҳам, профессионаллар ўртасида ҳам турли мусобақалар ташкил қилиб келинмоқда. Янги мусобақаларга асос соляпмиз. Аралаш яккакураш бўйича янги йўналишни Олимпия ўйинлари дастурига киритмоқчимиз. Унда икки нафардан эркак ва аёл ўртасида баҳс кечади. Бу қизиқарли спорт мусобақаси бўлиши кутилмоқда.

Фото: МОҚ ахборот хизмати

Ўзбекистонда спортга қизиқиш доимо юқори даражада бўлган. Ўзбек замини жаҳонга кўплаб кучли ва юлдуз спортчиларни тақдим этган. Сўнгги икки йилда эса спортга, ёшлар билан ишлашга эътибор жуда ошди. Сўнгги бир йилнинг ўзида Ўзбекистонда спорт соҳасида, умуман жисмоний тарбия таълими ва Олимпия ҳаракатида инқилобий ўзгаришлар юз бермоқда. Албатта, бу ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев олиб бораётган ислоҳотларнинг муҳим бир йўналишидир.

Мен хизмат сафарлари билан кўп мамлакатларда бўламан. У ерда мени ўзбек эканлигимни билишгач, Ўзбекистонда юз бераётган катта ўзгаришлардан хурсанд эканликларини изҳор қилиб, мамлакатимиз раҳбари томонидан қисқа муддатлар ичида амалга оширилаётган тарихий ислоҳотларни алоҳида эътироф этишади. Шундай пайтларда мен ўзбек эканлигимдан фахрланиб кетаман. Президентимиз ҳар бир ўзбекистонлик учун намуна ва ибрат тимсолидир.

Мамлакат раҳбари спортга шундай эътибор қаратяптими, унинг ишончини оқлаб, янги ғалабалар, олтин ва кумуш медалларни қўлга киритиш лозим», – деди Ғофур Раҳимов.

Фото: МОҚ ахборот хизмати

AIBA раҳбари Ўзбекистонда бокс ривожи учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканлигини маълум қилди.

«Ишонтириб айтаманки, Ўзбекистонда бокснинг ривожланишида AIBA ҳар томонлама ёрдам беради. Бундан ташқари, ўзбек бокс мактаби ўз шонли тарихига эга. Устозлар анъанасини ёш авлод муносиб давом эттириб, Токио Олимпиадасида энг баланд чўққига эришишларига ишончим комил.

Кўрсатилган эҳтиром ва ҳурмат учун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига чуқур миннатдорчилигимни изҳор қилмоқчиман. Ҳамкорлигимиз муваффақиятли ва истиқболли бўлишига ишончим комил», – деди AIBA президенти вазифасини бажарувчи Ғофур Раҳимов.

Мавзуга оид