«Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун имзоланди. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 12 июнда қабул қилинган, Сенат томонидан 2018 йил 28 июнда маъқулланган.

Ушбу Қонуннинг мақсади экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

экстремизм – ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга, Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳокимиятни зўрлик ишлатиб эгаллашга ва унинг ваколатларини ўзлаштириб олишга, миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга қаратилган ҳаракатларнинг ашаддий шакллари ифодаcи;

экстремистик фаолият – қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми асосларини зўрлик билан ўзгартиришга, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини бузишга;

ҳокимият ваколатларини эгаллашга ёки ўзлаштиришга;

қонунга хилоф қуролли тузилмалар тузишга ёки уларда иштирок этишга;

террорчилик фаолиятини амалга оширишга;

зўрлик ёки зўрлик ишлатишга ошкора даъват қилиш билан боғлиқ ҳолда миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатишга;

жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишга, шунингдек экстремистик ташкилотларнинг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этишга;

бирор-бир ижтимоий гуруҳга нисбатан сиёсий, мафкуравий, ирқий, миллий, этник ёки диний адоват ёхуд душманлик сабабли оммавий тартибсизликларни амалга оширишга;

ушбу модданинг тўртинчи – ўнинчи хатбошиларида кўрсатиб ўтилган ҳаракатларни амалга ошириш учун ошкора даъват қилишга қаратилган ҳаракатларни режалаштиришга, ташкил этишга, тайёрлашга ёки содир этишга доир фаолият;