12:31 / 31.07.2018
5377

Таклиф: “Ҳуқуқни мактаб ёшидан бошлаб ҳар бир ўқувчига сингдириб бориш керак”

Фото: УзА

KUN.UZ таҳририятига ҳар куни юзлаб мактуб келади. Ушбу хат соҳиблари турли касб эгалари ёки маълум бир соҳада таълим олувчи инсонлар бўлиб, ўз фаолиятларида учраётган камчиликлар, ютуқлар ва таклифларни билдиришади. Улар мазмунан турли бўлсада, аммо мақсади бир нарсага йўналтирилган – юрт равнақига. Ана шундай мактублардан бири Россия Федерациясида жойлашган Шимолий Кавказ федерал университетининг магистратура босқичида таълим олаётган самарқандлик Тўлқин Абдурайимов томонидан битилган.

“Ўзбекистондаги мактаб таълим тизимига жуда ҳам катта эътибор беришимиз шарт. Бу дегани, асли кучли мутахассис ва кучли кадр бўлишга кўникма, истисно қилиш шарт эмаски, бу мактабдан бошланади. Ҳар бир боланинг шахсий фикри ва дунёқараши таълим олиш жараёнида вужудга келувчи бир куч ҳисобланади.

Энди қаранг, биз шундай йўл танлаб берсак, келажакда бу фарзандларимиздан юксак бир маънавиятли ва маърифатпарвар кадрлар кутсак бўлади. Болани мактаб даврида олган билими у учун бутун умрга қўйилган пойдевор ҳисобланиб, келажакда унга енгилмас куч беради.

Шу ўринда мактабда ўтиладиган дарслар масаласига ҳам тўхталиб ўтсам. Ёшлар ўртасида ҳуқуқий онгни ошириш мақсадида нафақат мактабларда, балки бутун Олий ўқув юртларида ҳам ҳуқуқ фани кўпроқ ўқитилса, ўргатилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. 

Сабаби, қачонки ёшлар ёки ҳар қандай инсон, биринчи навбатда, ўз ҳуқуқини талаб қилса ва тушинтириб бера олса, у инсонда муҳокамага сабаб бўлувчи саволлар вужудга келмас эди. Ҳуқуқ фани ҳафтасига имкон қадар икки соатдан ўтилса ҳам кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

Иккинчидан, ҳозир юртимизда илдиз отиб кетган ва бутун бир ҳалқни қийнаётган муаммолардан биттаси бўлган коррупциянинг олди олинарди. Ортиқча оворагарчиликлар, тушунмовчиликлар ва бунинг ортидан чиқадиган муаммоларга чек қўйиларди. Буни мактаб ёшидан бошлаб ҳар бир ўқувчига сингдириб бориш керак, деб ўйлайман. Қачонки ҳар бир инсон ўз ҳуқуқини билса ва конустуцияни яхши ўрганса, менимча, фойдадан ҳоли бўлмасди”.

Таклиф қисқа шаклда билдирилган бўлсада, унинг мазмун-моҳиятида жон бор. Ҳуқуқий саводхонлик биз учун бугун сув ва ҳаводек зарур. Таълим тизимида айнан мана шу тизимни йўлга қўйиш, уни ривожлантириш учун бугун нималарга эътибор қаратиш лозим? Фикр ва мулоҳазаларингиз битилган мактубларни кутиб қоламиз.

Top