Ўзбекистон | 07:35 / 31.07.2018
23956
3 дақиқада ўқилади

Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи нега берилмаяпти?

Фото: Flickr

Ўзбекистонда фуқароларни ижтимоий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу соҳадаги энг муҳим қадамлардан бири бу Ўзбекистон Республикаси президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрельдаги ПФ-5421-сон фармони имзоланган бўлиб, бу фармоннинг имзоланиши минглаб юртдошларимизни қийнаб келаётган масала ноқонуний қурилган уй жойларга бир марталик умумдавлат акцияси доирасида мулк ҳуқуқи бериш тўғрисида эди. 

Мазкур фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида” 461-сон қарори қабул қилинган эди. Мазкур қарорга Кўчмас мулкка нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси доирасида кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тартиби белгиланган ҳамда мазкур акциянинг  2019 йил 1 майга қадар давом этиши белгиланган.

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармасидан хабар беришларича, юқоридаги қарорнинг 3-бандида  Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари бир ҳафта муддатда 3 ва 3а-иловаларга мувофиқ таркибда кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) комиссияларини тузиши қатъий белгиланган.

Фақатгина, Тошкент шаҳрида 2018 йил 27 июль ҳолатига қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган якка тартибдаги уй-жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш учун Давлат хизматлари марказларига фуқаролардан 800га яқин аризалар келиб тушган. Вазирлар Маҳкамасининг 461-сон қарори 2018 йил 21 июнда имзоланганлигига қарамасдан, Тошкент шаҳри Бектемир, Миробод, Олмазор, Сергели, Чилонзор, Юнусобод Яккасарой ва Яшнобод   туман ҳокимликлари томонидан ҳанузгача Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиялари иши ташкил этилмаган. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби қўпол равишда бузилаётганлиги, қолаверса фуқароларнинг оворагарчилигига ҳамда юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга ишонч йўқолишига сабаб бўлмоқда. 

Ўзбекистон Республикаси президентининг ПФ-5421-сон фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 461-сон қарорида белгиланган вазифалар мутасадди давлат органлари томонидан тез кунларда ижроси таъминланади, деган умиддамиз.

Мавзуга оид