Жаҳон | 11:43 / 02.08.2018
20870
2 дақиқада ўқилади

Петербург метросидаги теракт. Янги тафсилотлар ошкор қилинди

Фото: Сергей Коньков/ТАСС

Россия Тергов қўмитаси 2017 йил 3 апрелда Санкт-Петербург метросида юз берган теракт юзасидан жиноят иши бўйича дастлабки терговни якунлади. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар тарқатди.

«Россия Тергов қўмитасининг Алоҳида муҳим ишларни тергов қилиш бўйича бош бошқарма томонидан 2017 йилнинг апрелида Санкт-Петербург метросида юз берган теракт юзасидан жиноий иш бўйича дастлабки тергов якунланди», - дея маълум қилишган ТҚдан.

Таъкидланишича, бу иш бўйича айбланувчилар орасида террорчилик гуруҳининг 11 нафар иштирокчиси бор.

«Террорчи-худкуш Акбаржон Жалилов умумий режа ва ўзига берилган ролга кўра икки портловчи қурилмани тайёрлаб, сўнг уларни ноқонуний равишда Санкт-Петербург метросига олиб кирган. Улардан бири 2017 йил 3 апрелда «Площадь Восстания» бекатининг платформасида жойлаштирилган», - дейилади хабарда.

ТҚ маълумотларига кўра, у механизмни масофадан туриб ҳаракатга келтирмоқчи бўлган, аммо қурилма ишга тушмаган. Кейинчалик у ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан зарарсизлантирилди.

«Жалилов ўзининг ёнида қолдирган иккинчи қурилмани ўша куни «Сенная площадь» ва «Технологический Институт-1» бекатлари ўртасида ҳаракатланган поезд вагонида ишга туширган. Портлаш оқибатида 15 киши ҳалок бўлди, 67 киши турли даражада жароҳатланди», - дея қўшимча қилиб ўтишган ТҚдан.

3 апрелда Санкт-Петербург метроси поездида портлаш содир этилган. Теракт оқибатида 16 киши, жумладан терактни ижро этган террорчи-худкуш Акбаржон Жалилов ҳалок бўлган. Ушбу ҳужумни содир этишда гумон қилиниб бир неча киши, жумладан унинг ташкилотчиси, қирғизистонлик Аброр Азимов ва унинг укаси Акром Азимов ҳибсга олинган.

Мавзуга оид