Будапешт маркази бўйлаб “сайр” қилган тўнғиз метро бекатига тушиши оқибатида йўловчилар эвакуация қилинди ва метро ҳаракати вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Будапешт транспорт компанияси (BKV) хабар берди.
«Ҳайвон қисқа вақтга вагонлардан бирига кириб олган, ҳеч бир йўловчи жабрланмаган. Кейин эса вагондан чиқиб, хизмат зинасидан тушган ва бекатда турган поезд остига кириб олган. BKV ходимлари зудлик билан бекатни эвакуация қилиб, ёпишди. Барча йўловчилар ҳудудни хавфсиз тарзда тарк этган», — дейилади компания баёнотида.
Маълум қилинишича, тўнғиз фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш хизмати ходимлари томонидан тутилганида, унинг ярадорлиги аниқланган. Ҳодиса жойига чақирилган ветеринар унинг ҳолатини баҳолаб, ҳайвонни отиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилган.
«Тўнғиз сабабли метронинг M2 йўналишида автобуслар қатнови йўлга қўйилди. Бундай воқеа ҳақида ёзишимга тўғри келишини ҳеч қачон ўйламаган эдим. Тўнғиз “Лайош Кошут майдони” метро бекатига қандай қилиб кириб қолгани номаълум», — деб ёзди Будапешт мэри Гергелий Карачон Facebook ижтимоий тармоғида.
Венгрия Миллий овчилик палатаси матбуот котиби Аттила Фелдварининг сўзларига кўра, тўнғизлар инсон учун хавф туғдириши мумкин. Шунинг учун одамлар билан тўқнаш келганда тўнғизни зарарсизлантиришнинг энг хавфсиз усули уни отиб ташлаш ҳисобланади.
Тўнғиз қаерда яралангани ва метро бекатига қандай қилиб кириб қолгани номаълум.











