
Июль-август ойларида барча жойларда мактаб бозорлари ташкил этилиб, уларда дафтар ва китоб савдоси чаққонлашади. Мўмай даромад илинжида юрган айрим шоввоз тадбиркорларнинг шу пайтга келиб «куни туғади». «Давринг келди сур бегим» деган матални дастак қилиб «отини қамчилайди». Қайси бир ертўлаларда бекиниб олиб контрафакт маҳсулотлар тайёрлашга киришади, турли айланма йўллар билан божхоначилар кўзини шамғалат қилиб, таълим стандартларига мос келмайдиган матбаа маҳсулотлари билан бозорларни тўлдиради, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги.
Натижада чизсанг йиртилиб, бўясанг ранглари чаплашиб кетадиган расм дафтарлари, катак ва ёзувларини кўз базўр илғайдиган, муқовасида миллий маънавиятимизга мутлақо зид турли суратлар акс этган дафтарлар ўқувчилар сумкасидан жой олади.
Хорижий мультфильмлар ва эртак қаҳрамонлари акс этган, беҳаёлик, «оммавий маданият» тарғиб этилган расм дафтарлари (раскраскалар) эса фарзандларимизни «тарбиялай» бошлайди.
Биринчидан, бу сохта тадбиркорлар «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Давлат рамзлари тўғрисида»ги қонунлар, давлат стандартлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни оёқости қилаётган бўлса, иккинчидан, қоида бўйича ҳалол ишлаётган, солиқ ва мажбурий тўловларни виждонан тўлаётган тадбиркорларнинг манфаатига, энг муҳими, жондан азиз бўлган фарзандларимизнинг соғлиғига зиён етказяпти.



Уларни сотиб олаётган бизлар-чи? Сохта «тадбиркорлар»нинг гуллаб-яшнашига, қинғир ишларини рағбатлантиришга ҳисса қўшмаяпмизми?! Назаримизда, ҳар бир ота-она бугун ана шу саволларни бир марта бўлса-да, дилидан ўтказиши керак.

















