Маҳалла банкири фуқаролар билан суҳбатлашиб, ишини ривожлантириш учун қандай кўмак зарурлигини ўрганмоқда. Ҳозирга қадар маҳаллада яшовчиларнинг айримларига зарур асбоб-ускуналарни харид қилиш, бошқаларига эса янги фаолият бошлаш учун молиявий ёрдам ажратилган.

Маҳаллада тадбиркорлик билан шуғулланувчилар фаолияти бир-биридан фарқ қилади. Кимдир оилавий касбни давом эттирган, кимдир йиллар давомида эгаллаган ҳунарини ривожлантирган, яна кимдир уйида бошлаган ишини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда. Уларнинг умумий масаласи эса бир: фаолиятини такомиллаштириш учун маблағ ва зарур жиҳозларнинг етишмаслиги.

Ҳабиб Абдуллаев маҳалласида “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ билан ҳамкорликда ана шундай фуқароларнинг эҳтиёжлари ўрганилиб, уларнинг бизнес ғоялари амалий лойиҳаларга айлантирилмоқда.

Маҳалладаги ширинлик ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган цехда бугун тўққиз турдаги маҳсулот тайёрланади. Уч хил кекс, пряник, булочка ва бошқа маҳсулотлар етказиб бериладиган корхонада 17 нафар ходим меҳнат қилади. Уларнинг беш нафари шу маҳаллада яшайди. Тадбиркорнинг айтишича, банк томонидан тақдим этилган молиявий кўмак ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтиришга ёрдам берган.

“Ўзсаноатқурилишбанк” АТБдан тахминан 100 миллион сўм атрофида сумма олдик. Шу маблағ ҳисобидан керакли асбоб-ускуналарни харид қилдик. Натижада ишлаб чиқаришимиз кўлами анча ошди, тахминан 30–40 фоизга кўпайди”, – дейди Араик Гукасян.

Ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши маҳсулотларнинг савдо географиясига ҳам таъсир қилган. Бугун цехда тайёрланаётган ширинликлар маҳалладаги озиқ-овқат дўконлари ва савдо нуқталарига етказиб берилмоқда. Маҳалла банкирининг таъкидлашича, маҳаллий ишлаб чиқарувчининг маҳсулотини шу ҳудуднинг ўзида сотиш имконияти ҳам муҳим. Чунки бунда етказиб бериш харажатлари камаяди, маҳсулот нархи нисбатан қулай бўлади ва маҳалладошлар янги тайёрланган маҳсулот билан таъминланади.

Тадбиркорнинг келгусидаги режаси эса ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш.

“Ҳозирги фаолиятимизни ривожлантириб, кейинчалик филиаллар очмоқчимиз. Ишни босқичма-босқич кенгайтиришни режалаштиряпмиз ва банк билан ҳамкорликни давом эттириш ниятидамиз”, – дейди у.